Ўзбекистон ички истеъмолни қондириш учун табиий газ импорт қилади
Бугун АОКАда «Ўзтрансгаз» АЖ матбуот котиби Шаҳноза Равшанова иштирокида брифинг ўтказилди.
«Ўзтрансгаз» АЖ табиий газни экспорт ва импорт қилиш учун газ қазиб олувчи ташкилотлардан олиб, магистрал газ қувурига тўғридан-тўғри уланган истеъмолчиларга етказиб берувчи оператор саналади.
Матбуот котиби маълумотига кўра, 2020 йилда республика истеъмолчиларига қарийб 40 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилди. Куз-қиш мавсуми совуқ келгани боис ҳукумат топшириғи билан экспорт ҳажми камайтирилиб, ички истеъмолга йўналтирилди.
Жорий йил сўнгига қадар улгуржи истеъмолчиларнинг маълум бир қисми табиий газни биржалар орқали сотиб олишни бошлайди ва бу жараён босқичма-босқич давом эттирилади. Ортиб бораётган ички истеъмол талабини қондириш мақсадида табиий газ импорти йўлга қўйилади.
Магистрал газ қувурларида газ ҳисоби ва назоратининг автоматлаштирилган онлайн тизими (АСКУГ) жорий этилгани натижасида газ қазиб олувчи ташкилотдан олинаётган ҳамда истеъмолчиларга тўғридан-тўғри етказилаётган газнинг ҳисобини онлайн юритиш имкони яратилди.
Президент Ш.Мирзиёевнинг Парламентга йўллаган мурожаатида табиий газ таъминотидаги монополия бекор қилиниб, бозор механизмлари босқичма-босқич жорий этилиши таъкидланди. Бунда ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар биржа орқали табиий газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. «Ўзтрансгаз» АЖ эса фақат газни транспортировка қилади. Ҳозирда айни жараённинг норматив-ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter