ОКМКнинг асосий «қон томири»да самарадорликка қандай эришилмоқда?
Шиддат билан ривожланиб бораётган техника асрида рақамлаштириш барча соҳага кириб бормоқда. Айнан рақамлаштиришнинг жорий этилиши боис меҳнат унумдорлиги ортиб, бир қатор қулайликлар ҳам яратилаяпти. Айниқса, саноат корхоналарига рақамлаштиришнинг татбиқ этилиши иш самарадорлигини орттирмоқда.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг асосий қон томири бўлган Саноат темирйўл транспорти бошқармасида (СТТБ) ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга ошириб келиняпти. Жорий йилнинг февраль ойида бошқарма таркибида Технологик жараёнларни автоматлаштириш бошқаруви тизимлари хизмати фаолияти йўлга қўйилди. Қуйида мазкур меҳнат жамоаси ҳамда рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берамиз.
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Рақамли Ўзбекистон-2030 стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган «Рақамли Ўзбекистон-2030» миллий стратегияси доирасида комбинат мутахассислари томонидан «Рақамли ОКМК-2030» ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилди. Мазкур концепция доирасида жорий йилнинг февраль ойида Технологик жараёнларни автоматлаштириш бошқаруви тизимлари хизмати фаолияти йўлга қўйилди, — дейди хизмат бошлиғи Отабек Раҳмонов. — Мазкур хизматнинг асосий вазифаси СТТБ цех ва бўлинмаларида технологик ишлаб чиқариш жараёнини рақамлаштириш ва автоматлаштиришдан иборат.
Бугунги кунда хизмат томонидан цех ва бўлинмаларда маълумотлар узатиш тармоқларини ривожлантириш мақсадида 3,5 км оптик толали кабеллар ҳамда мис асосидаги 6 км кабель симлари ўрнатилди. СТТБ цех ва бўлинмалари Олмалиқ шаҳрининг турли нуқталарида жойлашганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ишлар натижасида ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал қилиш ва қоғоз ҳужжатлар оқимини камайтириш самарадорлигини таъминлаб, тезкорликни оширди.
Шунингдек, тоғ жинсларини юклаш, тушириш ва ташиш, меҳнат муҳофазаси, хавфсизлик техникаси ва ҳаракат хавфсизлигига, ички меҳнат қоидаларига риоя қилиш бўйича технологик жараёнларни назорат қилиш учун цех, хизмат ва участкаларга 48 дона видеокузатув камералари ўрнатилди.
Бундан ташқари, технологик жараёнларни кузатиш учун бир қатор ахборот тизимлари жорий этилиб, улардан самарали фойдаланиб келинмоқда. Булардан бири — ИС Wialon Local (GPS-мониторинг) тизими. Мазкур тизим ҳаракатдаги техникалар паркининг тезлигини, йўналишини, қаерда эканлигини, ёнилғи қуйиш ва унинг сарфини назорат қилади. Транспорт воситаларининг юриш масофаси ҳамда унинг самарасиз ҳаракатини, мотор ёғи, аккумулятор алмаштиришни ҳам ўз вақтида назорат қилиб боради.
Mirror-1 — (Мис бойитиш фабрикаси конларидан рудаларни етказиш оптимал тизими) мис рудасини конлардан Мис бойитиш фабрикасига ташиш жараёнини визуализация қилиш ва замонавий ахборот технологиялари асосида ускуналарнинг ишламай қолишини, шу жумладан самосваллар ва темир йўл транспортини ҳисобга олиш имконини беради. Ушбу тизимдан фойдаланиш йўлга қўйилганида тоғ жинсини ташиш пайтида тезкор қарор қабул қилиш учун Қалмоққир, Сариқ-Чўққи, 1-Темир йўл цехи ва МБФдаги вазиятни кузатиш имкони туғилади.
«Экспресс-юк» ахборот тизими — ишлаб чиқариш характеридаги тезкор қарорларни қабул қилиш учун Оҳангарон УТЙ станциясидан комбинатга темир йўл транспорти орқали келган юкларни мониторинг қилади. Ушбу тизимнинг афзалликлари кирувчи юк ва вагонларни тезкор назорат қилиш ҳамда таҳлил қилиш, ижарага олинган вагонларнинг узилишлари ҳақида ҳисоботлар тайёрлаб, бўш турган вагонлар учун жарималарни камайтиради.
«Шархия» карьеридан Мис бойитиш фабрикасининг чиқинди тўплаш хўжалигига қум-шағал аралашмасини етказишни мақбуллаштириш тизими — юкни етказишни тезкор таҳлил ва назорат қилиш имконини беради.
RMS — темирйўл транспорти мониторинги ахборот тизими бошқармамиз мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу тизим ҳаракатдаги техникалар паркини паспортлаштиришга, шунингдек комбинат бўлинмалари томонидан қоғозли ҳужжатларни қисқартириш мақсадида темир йўл ва автотрактор ускуналари учун электрон ариза юборишга мўлжаллангандир.
Бугунги кунда янги ташкил этилган хизмат олдида бир қатор вазифалар турибди. Жумладан, жорий йилда ОКМК бошқаруви раисининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари Абдулла Азизов томонидан тасдиқланган «2022 йилда СТТБ бўйича автоматлаштириш тизими, ахборот технологиялари ва рақамлаштиришни жорий этши тўғрисидаги чора-тадбирлар режаси» ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳаракатланувчи таркибга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ҳисоби ҳамда назоратни олиб бориш бўйича Автоматлаштирилган режалаштириш таъмир тизимини (АСПКОУ ТОиР) жорий этиш белгиланган.
Шунингдек, «Қалмоққир», «Кольцевая» станциялари ва ушбу станцияларнинг ўтиш жойларида микропроцессорли марказлаштириш қурилмалари (МПЦ) ва ғилдиракли электрон ўқларни ҳисоблаш тизими (ЭССО) қурилади.
СТТБ ишлаб чиқариш участкаларида маълумот узатиш тизимлари ривожлантирилади. Бошқарма ишчи-ходимларининг ахборот технологиялари, автоматлаштирирш ва рақамли трансформация соҳаси бўйича малакаси оширилади. Ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши марказлашган блоклаш хизмати қурилмаларининг ишлаш самарадорлигини оширади, поездлар ҳаракатини бошқариш жараёнини тезлаштиради, техник хизматлар ва таъмирлаш сифатини назорат қилишни яхшилайди.
Режадан ташқари таъмирлаш ва режадан ташқари таъмирлашга киришиш билан боғлиқ ҳаражатларни камайтириб, барқарор ва хавфсиз поездлар ҳаракатини таъминлайди. Хулоса қилиб айтганда, рақамли технологиялар ҳар қандай корхонанинг изчил ривожланишининг асосий калити бўлиб, бу ишнинг кўп жиҳатларида сифатли ютуқларга эришишга имкон беради.
Хизматнинг асосий мақсади — келгусида корхонани замонавий ахборот технологияларидан фойдаланадиган корхоналардан бирига айланишини таъминлашга қаратилган. Бунинг учун хизмат меҳнат жамоасида ўз ишининг усталари етарлича топилади. Рақамлаштириш бўйича етакчи муҳандис Альберт Агаев, GPS тизими бўйича электромеханик Темур Маматқуловларнинг бой иш тажрибаси бугун қўл келмоқда. Тошкент ахборот технологиялари университетининг 4-босқич талабаси Тошпўлат Тўрақулов яқинда дастурлаш бўйича етакчи муҳандис сифатида ўз меҳнат фаолиятини бошлади. Ёшлардан ташкил топган мазкур меҳнат жамоасининг ишларига муваффақият тилаб қоламиз.
Шерзод Тиловбердиев, веб муҳаррир
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter