Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Очилбой Раматов Президентдан қурилиш соҳаси учун имтиёз сўради

Очилбой Раматов Президентдан қурилиш соҳаси учун имтиёз сўради

Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасида селектор йиғилиши ўтказгани ҳақида хабар берилганди. Йиғилиш давомида бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов янги қуриладиган уйлар сифати ва нархига таъсир ўтказувчи омиллар ҳақида гапириб ўтди.

— Янги ташкил этиладиган қурилишлар натижасида қўшимча 300 мингта иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Март ойи якунига қадар уй-жой қуриш учун шаҳар ва қишлоқларда ер танлашни якунлаш лозим бўлади. Шунингдек қурувчиларни танлаш ҳам якунланади. Апрел ойидан қурилишларни мукаммал бошлаш керак.

Нарх-навони ҳам қишлоқ жойларда метр квадрати учун 4 миллион сўм, шаҳар жойларда 5 миллиондан ошмаслиги шарт. Акс-ҳолда одамлар қийналиб қолади.

Ўтган йили уч-жой қурилиши учун жойлар танланган эди. Аммо янги талабга кўра инфратузилмани яқинлаштириш учун танланган жойлар қайта кўриб чиқилади.

Айни вақтда 294 та техник назоратчилар бор. Уларга қўшимча қурилиш инспекторлари ишга тушади. Барча қурилиш сифати назорат остида бўлади.

Ҳурматли Президент, бизда битта илтимос бор. Уй-жойлар таннархига цемент ва темир катта таъсир ўтказади. Бу йил қурилишлар икки баробар ошиши кутилмоқда. Шу сабабли цемент ва металлга талаб кескин ошди ва темир нархи 8,5 миллион сўмга чиқиб улгурди. Апрел ойига бориб темир маҳсулотлари 10 миллион сўмга чиқиши кутилмоқда.

Агар лозим топсангиз ишлаб чиқариш ташкилотларидан ушбу икки маҳсулотни тўғридан-тўғри сотиб олиш имконини берсангиз, — деди Раматов.

Президент ушбу таклиф бўйича хат тайёрлаб, муҳокамага киритиш топшириғини берди. Шу билан бирга давлат раҳбари янги қуриладиган уйларга хизмат кўрсатиш ширкатлари фаолиятини хозирдан мувофиқлаштириб бориш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг