Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди ҳаво тозароқ бўлади — «Навоийазот»да эски цехлар тугатилиб, янгилари иш бошлайди

Энди ҳаво тозароқ бўлади — «Навоийазот»да эски цехлар тугатилиб, янгилари иш бошлайди

«Навоийазот» акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилган ишлар ва жорий йил ҳаётга тадбиқ этилиши режалаштирилган янги лойиҳалар билан яқиндан таништириш мақсадида 2020 йил 4 март куни Навоий вилоятида пресс-тур ташкил этилди.

Бугунги кунда «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти таркибида 16 та йирик ва ўрта кимёвий корхоналар фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар томонидан жами 180 тадан ортиқ номдаги кимёвий маҳсулотлар, шу жумладан, 90 га яқин турдаги янги, маҳаллий ва хорижий истеъмолчилар томонидан талаб этилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

«Навоийазот» АЖ тизимдаги кимё корхоналарининг энг йирикларидан бири ҳисобланади. Корхонада 70 дан ортиқ ноёб маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Уни модернизация қилиш, қувватини кенгайтириш мақсадида учта йирик инвестицион лойиҳа режалаштирилган эди.

Биринчи лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлиб, унинг самарасида йилига 660 минг тонна аммиак ва 580 минг тоннадан зиёд карбамид олиш имконияти яратилади. 500 га яқин иш ўрни пайдо бўлади. Уни жорий йилда ишга тушириш, йилига 136 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.

Япониянинг «Mitsubishi Heavy Industries» ва «Mitsubishi Corporation» компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда қурилаётган янги корхонада замонавий технологиялар қўлланиши эвазига йилига 735 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалади, атмосферага чиқадиган карбонат ангидрид газлари миқдори ҳам камаяди.

Яна бир йирик корхона – Азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуасидир. Умумий қиймати 217 миллион долларга тенг ушбу объект Швейцариянинг «CASALE SA» компанияси билан ҳамкорликда бунёд этилмоқда.

У йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга бўлади. Ҳозирги кунда ускуна ва жиҳозлар ўрнатилиб, қурилиш-монтаж ишлари якунланмоқда. Яқин кунларда бу ерда биринчи маҳсулот чиқарилиши режалаштирилган. Янги лойиҳаларнинг фойдаланишга топширилиши натижасида қарийб 60 йил муқаддам қурилган, ҳар томонлама эскирган азот кислотаси цехлари фойдаланишдан чиқарилади.

Энг муҳими, 1 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш учун электр энергияси сарфи 18 баробар камаяди, ҳавони ифлослантирадиган 150 минг тонна миқдоридаги нитроз газлари тутиб қолинади.

«Ўзкимёсаноат» АЖ тизимидаги корхона-ташкилотлар фаолияти билан журналист ва блогерларни яқиндан таништиришга қаратилган пресс-турлар 2020 йил давомида режага мувофиқ ташкил этилади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг