Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Молия вазири Ўзбекистонда ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунга изоҳ берди

Молия вазири Ўзбекистонда ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунга изоҳ берди

Фото: «Газета.uz»

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунни ерга нисбатан хусусий мулкчиликни жорий этишнинг биринчи босқичи деб атади, дея хабар қилди «Газета.uz».

Молия вазири 3 май куни Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида маъқулланган «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши юзасидан изоҳ берди.

«Сенат томонидан маъқулланган мазкур қонун тарихий ҳодиса ҳисобланади. Сизга маълумки, бозор иқтисодиётининг асоси, бу — хусусий мулкчилик. Ерга нисбатан хусусий мулкчиликсиз бозор иқтисодиёти тўлиқ бўлмайди», — деди у.

Жамшид Қўчқоров ҳукуматнинг ушбу масаладаги позициясига ойдинлик киритар экан, ерни хусусийлаштиришни жуда мураккаб масала эканини таъкидлаб ўтди.

«Бу қонун муайян даражада ерга нисбатан хусусий мулкчиликни жорий этишнинг биринчи босқичи ҳисобланади. Биринчи навбатда қандай ерлар хусусийлаштирилади? Агарда менда корхона бўлса ва у муайян участкада жойлашган бўлса, у ҳолда мен ушбу ерни хусусийлаштириш ҳуқуқига эга бўламан. Ер участкалари ва уларда жойлашган объектлар бирлиги тамойили мавжуд. Кимдир юридик шахс фаолият кўрсатаётган ёки жисмоний шахс яшаётган ерни аукционга қўйиши ва сотиб олиши мумкин эмас. Уй меники, ер эса бошқага тегишли — бунақаси бўлмайди», — деди вазир.

Кўчмас мулк объектлари жойлашган хусусийлаштирилаётган ер участкаси ҳажми Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб берилади. Бунда юридик ёки жисмоний шахслардан ер солиғининг бир неча баробари миқдорида бож тўланади.

Жамшид Қўчқоровнинг таъкидлашича, гап аҳолидан ерни хусусийлаштириш учун қандайдир катта миқдордаги маблағларни йиғиш ҳақида кетаётгани йўқ. Асосий мақсад одамлар ерга нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлишлари, юридик ва жисмоний шахслар ерни оборотга қўйиш, яъни гаров сифатида фойдаланиш имкониятига эга бўлишдан иборат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг