Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мингбулоқда 3 мингдан ортиқ янги ишчи ўрни яратилди

Мингбулоқда 3 мингдан ортиқ янги ишчи ўрни яратилди

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йил давомида Микрокредитбанк томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш, муаммоларини ҳал этиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, жисмоний ҳамда юридик шахсларга кўрсатилаётган хизматлар кўлами кенгайди, давлат дастурлари асосида кредит ажратиш тизими такомиллашди ҳамда интерактив банк хизматлари изчил тарзда ривожланди. Мазкур ислоҳотлар ҳамда янгиланишларни Наманган вилояти Мингбулоқ тумани мисолида кўриб чиқамиз.

Аввало, туман миқёсида «Маҳаллабай» ишлаш тизими йўлга қўйилган бўлиб, унга кўра  тумандаги 40 та маҳаллага жами 91 нафар ишчи гуруҳлари жалб этилиб, туман штаби ташкил этилган. Доимий вакиллар томонидан хонадонлар хатловдан ўтказилиб, 22,9 мингта хонадон тўлиқ ўрганилди ва муаммолар ҳал этилди.

Шунингдек, 739 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланди.

— Анчадан бери иш излаб юрган эдим, – дейди Бешсерка маҳалласидаги 24-МТТга ёрдамчи тарбиячи бўлиб ишга жойлашган фуқаро Одина Рахмонова. – Жонкуяр ходимларнинг саъй-ҳаракатлари билан кўнглимдагидек ишга жойлашдим.

Тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган сўров натижаларига кўра, уларда 223 та муаммо мавжудлиги аниқланиб, бугунги кунда ер ва бино ажратилиши, коммуникация таъминоти ва тармоққа уланиш, кредит ажратиш бўйича 208 та муаммо ҳал этилган.

Шу жумладан, Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва кенгайтириш истагидаги 2147 та субъектга жами 45,2 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилган ва 2250 нафар фуқаро бандлиги таъминланган.

Жами 3 гектар бўш ер майдонлари аниқланиб, 2,6 гектар ер майдонлари аукцион савдоларига чиқарилди ҳамда 0,63 гектар ер майдонларида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилди.

Бундан ташқари, 260 та оилага 3392 млн. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Алоҳида ўтказилган сўровномаларга асосан кредит олиш истагидаги 28 нафар фуқарога паррандачилик ва тикувчилик йўналишлари бўйича имтиёзли кредитлар ажратилди.   

Лидер тадбиркор йўналиши бўйича «Art Soft Tex Cluster» директори М.Бекмуродовга дастур доирасида 1.0 млрд.сўм кредит ажратиш орқали 100 та янги иш ўринлари яратиш белгиланган.

«Дилшод Саҳоват» МЧЖ раҳбари Д.Йигиталиев лойиҳасига эса 1.5 млрд.сўм кредит маблағи ажратиш орқали 100дан ошиқ янги иш ўринларини Мингбулоқ туманидаги «Ўртақишлоқ» маҳалласида амалга ошириш имконияти мавжудлиги аниқланди, бугунги кунда ушбу тадбиркорга 800.0 млн.сум микдорида кредит маблағи ажратилди.

– Мен ўзим яшаб  турган ҳовлимда инкубатория ташкил этдим, – дейди Мингбулоқ туман Меҳнатобод МФЙдаги «Гулчехра Озодбек Абдумутал» МЧЖ раҳбари Т.Бозорбоев. – Инкубаториянинг қуввати 180 минг бош жўжани ташкил этади, 10 нафар ишчи ўрни яратдик. Қўшимча равишда шу ҳовлим ичида 2 та товуқхона ташкил этдим. Ҳозирги кунда тухумлардан чиқарилган жўжаларни водий бўйича буюртма асосида етказиб бермоқдамиз.

Туманда 2021 йилнинг сентябрь ойида маҳаллаларнинг ўсиш нуқтасидан келиб чиқиб «Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан Меҳнатобод маҳалласи Қаҳрамонлар кўчасида истиқомат қилувчи 27 та хонадоннинг ҳар бирига 25 бош қора хонаки товуқлар тарқатилди ва шу орқали ушбу хонадонларда аёллар дафтарида турувчи 13 нафар ишсиз аёллар бандлиги таъминланди.

Келгусида мазкур ислоҳотлар ҳамда янгиланишларни изчил давом эттирган ҳолда паррандачилик, лидер тадбиркорлик, «маҳаллабай» ишлар бўйича аниқ режа-жадвал ишлаб чиқилган. Зеро, биргина Мингбулоқ туманидаги иқтисодий ўсиш бутун мамлакатимиз иқтисодининг ривожланишида ҳам ўз аксини кўрсатмай қолмайди.

Банк ахборот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг