Агробанк Хоразмга пресс-тур уюштирди
«Агробанк» АТБ томонидан ОАВ ходимлари иштирокида Хоразм вилоятида «Кластер фаолиятида занжирли механизмни ишлаб чиқиш жараёнлари» мавзусида пресс-тур ташкил этилди.
Пахтани етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олган кластер Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида қаралмоқда. Айни вақтда жараённи ягона технологик занжирга бирлаштирган ушбу мажмуалар соҳада инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичи ҳисобланади.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб, Хонқа туманидаги «Хоразм тех» пахта-тўқимачилик кластерига тегишли «Даврон» фермер хўжалиги иш фаолияти билан танишишдан бошлади. Ушбу хўжалик кластер билан ҳамкорлик қилаётган тумандаги 177 фермер хўжалигининг бири.
Пахта терими охирлаб бораётган, Хоразм вилояти пахта топшириш мажбуриятини уддалаган бўлсада, далада ҳосил мўл.
Шундан сўнг журналистлар «Хоразм тех» пахта тозалаш заводига ташриф буюриб, пахтани қабул қилиш ва унга ишлов бериш жараёнини кўздан кечирдилар.
Мазкур заводда 32 та бонт бўлиб, уларнинг ҳар бирида 500-600 тонна пахта қўйилар экан. 4-5 ой давомида тайёр бўлган пахталар, қайта ишлаш цехига ўтказилади. Ушбу жараёнлар ҳам иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.
– Пахта хомашёсини етиштириш ва ип калава ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз, – дейди «Хоразм тех» пахта–тўқимачилик кластери раҳбари Сарвар Нурметов. – Энг яқин молиявий ҳамкоримиз «Агробанк» бўлиб, 79 миллиард 957 миллион сўм имтиёзли кредит олганмиз. Шундан 20 миллиард 287 миллион сўм 2020 йилда терим пулларини тарқатиш учун олинган. Калава ипларни Туркия, Хитой, Россия етказиб беряпмиз. Яқиндан Афғонистон ва Покистон билан ҳамкорликни йўлга қўйдик.
Журналистлар мазкур корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди. Пахта хомашёсини етиштириш ва ип калава ишлаб чиқариш фаолиятлари билан шуғулланувчи «Хоразм тех»да 680 нафар иш ўрни яратилган. Ушбу лойҳанинг умумий қиймати 22,6 миллион долларни ташкил этади. «Агробанк» акциядорлик тижорат банкининг молиявий кўмагида кластер корхонасини янада кенгайтириш режалаштирилган. Мисол учун, 2021 йилда 20 миллион погона метр мато ишлаб чиқариш цехи ишга тушади. 12 миллион долларлик ушбу лойиҳани ҳам «Агробанк» қўллаб-қувватламоқда.
Пресс-тур давомида «Агробанк» акциядорлик тижорат банкининг Хонқа туман филиалидаги иш жараёнлари, хизмат кўрсатиш сифати ва бошқалар яқиндан ўрганилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари Хива туманидаги Банк хизматлари филиалида ҳам бўлишди. Аҳоли гавжум манзилда ташкил этилган ушбу ихчам банк хизмати 2 минг 700 мижозга эга. Улар орасида «Хива кластер» ҳам бор.
– «Агробанк» бизнинг ҳар бир лойиҳамизга молиявий кўмак бермоқда, – дейди «Хива кластер» масъулияти чекланган жамияти вакили Қаҳрамон Матёқубов. – Мисол учун, биргина ёғ-мой ишлаб чиқариш лойиҳаси учун банкдан бир миллион йигирма минг доллар кредит олдик. Хитойдан олиб келинган ускуналар 24 соатда 200 тонна чигитни қайта ишлайди. Шунингдек, кунига 30 тонна донни қайта ишлаш цехида ҳам қурилиш ишлари якунланиб қолди. Йил якунига қадар ҳар икки лойиҳа ишга тушади ва 200 иш ўрни яратилади. 2019 йилда ташкил этилган «Хива кластер»и 107 фермер хўжалиги билан шартнома тузиб, уларнинг 18 тонна ҳосилини қабул қилмоқда. Кластерга жорий йилда «Агробанк» дан пахта хом-ашёсини етиштириш ва йиғиб олиш учун 45,8 миллиард сўм кредит олдик. Унинг 37 миллиард сўми фермерларга имтиёзли тарзда берилган бўлса, қолгани терим пули сифатида тўланди.
Дарҳақиқат, кластер тизимида хомашё етиштирувчидан бошлаб, уни қайта ишловчигача ҳамма маҳсулот сифатига бирдек жавобгар бўлар экан. Чунки, якуний жараёнда товарни сотишдан тушган қўшимча қийматнинг бир қисми шу ишга ҳисса қўшган меҳнаткашларга тақсимланади. Қолаверса, ишлаб чиқариш жараёнида янги иш ўринлари пайдо бўлади. Шунингдек, улар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлардан эркин фойдаланади, нархни, сотиш ҳажмини ҳам мустақил белгилайди.
Реклама ҳуқуқи асосида
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter