Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жанубий Тандирча, марсбоп пейзаж ва янгиланган газ булоғи – Ғузорда янги сиқув компрессор станцияси ишга туширилди

Жанубий Тандирча, марсбоп пейзаж ва янгиланган газ булоғи – Ғузорда янги сиқув компрессор станцияси ишга туширилди

Газ қазиб олиш жараёни анча сермашаққат иш – геология-қидирув ва бурғулаш ишлари ўхшаса, қудуқдан газ отилиб чиқади. Аммо вақт ўтгани сари қудуқнинг ҳам таги кўриниб қолади, чунки бу дунёда тугамайдиган нарсани ўзи йўқ. Илгари суткасига миллионлаб метр куб зангори олов берган коннинг шашти ҳам йил ўтгани сари тушиб боради.

Шундай вақтда замонавий кончиликда сиқув компрессор ускуналаридан фойдаланиб, босимни ошириш амалиёти қўлланилади. «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати томонидан Қашқадарё вилояти, Ғузор туманига ташкил қилинган сафар давомида ОАВ ходимлари мана шундай станциялардан бирининг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Жанубий Тандирча
Ғузор туманидаги Жанубий Тандирча кони ҳудудида 50 дан ортиқ қудуқлар мавжуд бўлиб, шулардан 41 тасида бугунги кунда ҳам газ қазиб олинади. Ўтган йилларда бу ердан суткасига 2.5 миллион метр куб газ чиқарди, аммо босим пасайиб кетгани туфайли ушбу кўрсаткич 1.8 миллионга тушиб қолди. Бундай вақтда зудлик билан керакли чора-тадбирлар кўрилмаса, босим пасайиб бораверади ва яқин йилларда коннинг кўзи ёпилиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас эди.

Айнан шу сабабга кўра «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбарияти томонидан Жанубий Тандирча сиқув компрессор станциясини қуриш қарори қабул қилинди. Олдинга ўтиб айтиш лозим, ушбу амалиёт ўзини тўла-тўкис оқлади.

Марсбоп пейзаж
Сиқув компрессор станцияси томон юрар экансиз, манзилга яқинлашганингиз сари атроф-жавонибдаги манзара тобора Марсни эслатиб боради. Хабарингиз бор, айни кунларда қизил сайёрада «Кьюриосити» ва «Персеверанс» марсоходлари кезиб юрибди, улар туширган тасвирлар бот-бот интернет оламида эълон қилиниб боряпти.

Жанубий Тандирча кони атрофидаги манзара ҳам ўша суратларга жуда ўхшаб кетади – кимсасиз дашт, чўл, гиёҳ ўсмайдиган қуп-қуруқ тоғ-тошлар. Шундай вақтда беихтиёр кимсасиз жойларда шундай замонавий иншоот қуриб қўйган мутахассисларга ҳурматингиз ошиб кетади.


Жанубий Тандирча сиқув компрессор станцияси шарофати билан умри тугаб бораётган газ кони қайта жонланди, энди бу ерда кунига 2,3 миллион метр куб газ қазиб олинмоқда. Бу эса қарийб кичикроқ бир вилоятни таъминлашга етгулик маҳсулот дегани.

Инфратузилма
Жанубий Тандирча сиқув компрессор станциясини қуришда барча жиҳатлар инобатга олингани таҳсинга лойиқ. Масалан, агарда бу станцияга электр энергияси ташқаридан тортиб келинганда бир неча ўн километрга симёғочлар ўрнатиш керак бўларди. Бунга кетадиган симу нимстанцияларни ҳам ҳисоблаб чиқиш лозим.

Лойиҳачилар бу муаммонинг ечимини топишди – станцияга газни тозалаш қурилмалари ва ҳар бири 800 киловатт электр энергияси берадиган 6 та газ-поршенли электр станциялари ўрнатилди. Натижада конда қазиб олинаётган газнинг арзимас қисми эвазига арзон ва узлуксиз электр энергияси таъминоти йўлга қўйилди. Бугунги кунда 2 та газ ҳайдаш агрегати узлуксиз ишлаб турибди ва конда қазиб олинаётган 2,3 миллион метр куб газни 40 километр узоқликдаги базавий компрессор станцияси орқали яна 20 км масофада жойлашган Шўртан Бош иншоотида қайта ишлаш учун етказиб берилмоқда.

Яқин кунларда учинчи агрегат ҳам ишга туширилиши кутиляпти. Оқибатда газ қазиб олиш ва узатиш бериш ҳажми янада ошиши режалаштирилган.

Истиқбол
«Ўзбекнефтгаз» АЖ ушбу муваффақиятли тажрибадан кенг фойдаланишни мақсад қилмоқда. Кўз тегмасин, юртимизда йил ўтгани сари янги корхоналар қуриляпти, ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб бормоқда. Шунингдек аҳолининг табиий газга бўлган талаби ҳам анча ошган. Газ эса аллақачон шунчаки зангори олов бўлмай қолди, уни қайта ишлаш орқали юзлаб турдаги маҳсулотлар олиш мумкин. Яна мамлакатимизнинг электр энергиясига бўлган асосий талаби ҳам у орқали қондирилишини унутмайлик.

Бундай вақтда нафақат геология-разведка ишларини амалга ошириш ва янги қудуқларни бурғулаш, балки мавжуд конларнинг потенциалидан тўлиқ фойдаланиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жанубий Тандирчада қурилган янги сиқув компрессор станцияси бунга яққол мисол. Агар ушбу станция ишга туширилмаганда яна 2-3 йилда конда ишлаб турган барча қудуқлар тўхтаб қолиб, газ қазиб олиш тўхтаган бўларди. Энди эса бемалол яна мавжуд қолган газ захираларини қазиб олиш мумкин.

Сувнинг қатраси ҳам сув бўлганидек, газни ҳам қадрлаш, тежаш ва ҳар бир кубометридан тўлиқ фойдаланиш зарур...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг