Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Икки оғиз яна қарз ҳақида

Икки оғиз яна қарз ҳақида

Фото: «News.yandex.ru»

Олдинги мақоламизни «Навбатдаги «чиқиш»имизда Ўзбекистон ташқи қарзининг ортиб бораётганлигидан «хавотир»га тушаётганлар томонидан билдирилаётган ва жуда кўпчиликни асоссиз чалғитаётган айрим «фикр»ларга муносабат билдириш ниятимиз бор. Кузатиб боринг. Кўришгунча...» — деган фикрлар билан якунлаган эдик. Шундай қилишга астойдил шайландик-у, лекин ундан олдин яна бир нарса тўғрисида ўқувчиларимизни огоҳлантирмасак, бўлмаслиги маълум бўлди. Гап бу ўринда «мўъжиза» сифатида қарзнинг қандай аниқ «хислат»ларга эга эканлиги ёки унинг нима «каромат» кўрсатиши мумкинлиги хусусида кетмоқда. Назаримизда, улардан огоҳ бўлмасдан туриб, қарз, шу жумладан, ташқи қарз тўғрисида гапириш ўзининг маъносига эга эмас.

Аслида, қарзнинг биз назарда тутмоқчи бўлган «хислат» ёки «каромат»ларидан барча — огоҳ. Лекин «негадир» унга нисбатан фикр билдирилаётган пайтда ана шуларни инобатга олинмаётганлиги — ташвишли ёки ажабланарли ҳол. Шу боис, уларни яна бир бора эсга олиб, алоҳида қайд этсак, фойдадан холи бўлмас.

Дастлаб, унинг ижобий жиҳатларига эътибор қаратайлик. Халқона айтадиган бўлсак, мана улар: қарз, аввало, молиявий нуқтаи-назардан «заиф»роқ белларни «бақувват» қилади; унинг қўлга киритилиши натижасида «калта» қўл «узун»лашади; ечилмаётган муаммолар ечилади; пулга «зор» бўлганларнинг кўкрагига шамол тегади; «чўнтаг»ида «ҳе мири»си бўлмасдан, ноиложликдан «писииииб» юрганлар қаддини тик тутиб юрадиганлар сафига қўшилади; қарз уни олганларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширади; «қарз қопқони»га тушиб қолиш хавфи бўлгани учун қарздорлар «оёғи куйган товуқ»дек югуриб, самарали фаолият кўрсатишга мажбур бўлади ва ҳ.к. Қарз ана шундай ажойиб ва ёқимтой «хислат»ларга эга бўлса, уни олмаслик керакми? Ким бу жойда ўзини тийиб ёки тўхтатиб туришга қодир?!...

Бир пайтнинг ўзида, қарзда салбий жиҳатлар ҳам — мужассам. Қарз олишдан умидвор бўлганлар уларни ҳам билиб қўйганлари маъқул. Аввало, олинган қарз ўз вақтида эгасига қайтарилиши керак. Бунинг устига, фойдаланилганлиги учун «ғиринг» демасдан, унинг ҳақини ҳам тўлаб қўйиш лозим. Шу икки шартдан, ҳатто биттаси ҳам ўз вақтида бажарилмаса, «Худо олди!» — деяверинг. Бунда «интизомсиз» қарздорни «қарз қопқони» ёки «қарз ўпқони» «қучоғини очиб» кутиб туради. Унинг «доми»га тушиб қолганлар, бора-бора, «бор-йўғи»дан ажралиб қолиб, «хонавайрон» бўлишлари ёки, узр, «иштон»сиз қолишлари ҳам — ҳеч нарса эмас. Шунингдек, қарзда «сиртмоқ»ни бўйинга солиб, «жилов»ни ўзгалар қўлига бериб қўйиш хавфи ҳам бор.

Ажабланманг: бир пайтнинг ўзида ҳам ижобий ва ҳам салбий «хислат»ларга эга бўлган — фақат «Қарз ҳазратлари» эмас. Ҳаёт диалектикаси ёки ҳеч ким томонидан ўрнатилмаган, лекин ҳамма бирдек «қулоқ қоқмасдан» риоя қиладиган қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураш қонуни шуни тақозо этади.

Шу ўринда қарзда қайси хислатнинг кўплиги тўғрисида қатъий ва ишончли хулосани чиқариш — принципиал аҳамиятга эга. Сира иккиланмасдан айтаверинг: қарзда ижобий хислатлар кўп. Акс ҳолда, у аллақачон «ҳаёт саҳнаси»дан тушиб кетган ва бугунги кундаги энг муҳим «палочка — выручалочка»лардан бирига айланмаган бўлур эди. Оддий «ҳаёт фалсафаси» — шу.

Бўлди. Фақат энди, олдингидек, яна қуйидагиларни такрорлашим қолди, холос: «Ўзбекистон ташқи қарзининг ортиб бораётганлиги»дан «ташвиш»га тушаётган «дўст»ларим! Бу масалада «старт»ни юқоридагилардан ҳам келиб чиқиб олинг-чи, «финиш»ингиз қандай бўлар экан?..

Тоҳир МАЛИКОВ

иқтисод фанлари доктори, профессор

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг