Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гўшт, ёғ ва картошка бўйича ҚҚС имтиёзи узайтирилиши мумкин

Гўшт, ёғ ва картошка бўйича ҚҚС имтиёзи узайтирилиши мумкин

Фото: Xabar.uz

Жорий йилда парламент томонидан 2021 йил 1 майдан 31 декабргача кунгабоқар ва соя уруғлари ҳамда ўсимлик ёғи импорти, шунингдек ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва ички бозорда реализация қилиш ҚҚСдан озод этилганди.

Бундан ташқари, икки ой аввал солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга асосан 2021 йил 10 октябрдан жорий йил охиригача гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошка ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ҳам ҚҚСдан озод қилинганди.

Депутат Дониёр Ғаниев Бюджет лойиҳаси муҳокамаси доирасида Ҳукумат вакиллари, жумладан Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровдан озиқ-овқат маҳсулотлари учун жорий йил охиригача берилган ҚҚС имтиёзлари муддатини узайтириш масаласини кўриб чиқишни сўраганини маълум қилди. 

Бугун Парламентга Ҳукумат томонидан киритилган қонун лойиҳасида айнан шу таклиф инобатга олиниб, жорий йил охиригича берилган имтиёзлар муддати яна 4 ой муддатга чўзилиши назарда тутилмоқда.

Демак, ушбу қонун лойиҳасига асосан 2022 йил 30 апрелга қадар қуйидагилар ҚҚСдан озод қилинади:

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;

- ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма;

- гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни мамлакат ҳудудига олиб кириш.

Мазкур қонун лойиҳаси келгуси парламент ялпи йиғилишида депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланса Сенатга юборилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг