Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Газ қазиб олиш машаққати – Қашқадарёда янги компрессор станциялари ишга туширилди

Газ қазиб олиш машаққати – Қашқадарёда янги компрессор станциялари ишга туширилди

Газ қазиб олиш биз ўйлагандан кўра анча машаққатли иш. Масалан, конни шунчаки бурғулаб қўйиб, асрлар давомида ишлата олмаймиз. Табиий газ ер қаъридан турли конденсатлар, заҳарли бирикмалар, сув ва бошқа қўшимчалар билан бирга чиқади. Уни тозалаб, сифатини тобига келтириш лозим. Шунингдек, вақт ўтгани сари конда газ босими ҳам тушиб бораверади.

Замонавий кончиликда бундай вақтда технологик ечим сифатида компрессор станцияларидан фойдаланиб, босим барқарорлаштирилади. Сўнгги йилларда ушбу тажриба «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан ҳам кенг амалиётга жорий этилмоқда.

Ўтган ҳафта Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманига ташкил этилган пресс-тур давомида мана шундай компрессор станцияларидан бирининг фаолияти билан танишиб келган эдик. Бу сафар Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Чўлқувар» ва «Гирсан» конларида қурилган иншоотлардан репортаж тайёрладик.

Компрессор станциялари
Аввало компрессор станциялари ҳақида кичик маълумот бериб ўтсак. Ушбу иншоот босими тобора пасайиб бораётган конларда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини барқарор сақлаб туриш мақсадида қурилади. Яъни, бундай станциялар ёрдамида узоқ йиллик конларда захираларни тўлиқ қазиб олиш ишлари барқарор олиб борилади.

Афзал жиҳатлар
«Чўлқувар» ва «Гирсан» конларида қурилган кичик станцияларнинг афзал жиҳатлари шундан иборатки, бундай турдаги иншоотлар қурилиши қисқа вақт ва кам маблағ талаб этади. Эътиборли томони, мана шу икки станция пудратчи томонидан асосий қурилмалар етказиб берилганидан кейин бир ярим ёки икки ой муддатда қурилиб, ишга туширилди.

Яна бир ютуқли жиҳат – кичик компрессор станцияларини исталган вақтда демонтаж қилиб, бошқа жойга ўрнатиш мумкин. Яхши биламиз, ҳамма нарсанинг боши бўлганидек, охири ҳам бўлади. 25-30 йиллаб фойдаланилган конларда газ тугайди ва бошқалари очилади. Кичик компрессор станциялари ҳам шунга монанд керакли жойга кўчириб ўтказилиши мумкин.

Натижа
«Чўлқувар» ва «Гирсан» конларида ҳам ўз вақтида газ отилиб чиққан, керакли жойгача ўз қуввати билан етиб борган. Мисол учун, «Гирсан» кони 1989 йилда, «Чўлқувар» кони эса 2007 йилда ўзлаштирилган ва ҳар иккиси ҳам конлар тузилиши жиҳатдан мураккаб захираларга эга. Узоқ йиллар давомида уларнинг ишлатилиши натижасида қазиб чиқариш ҳажми пасайди ва қатлам босими беқарор бўлиб қолди. Энди эса, мана шу иккита кичик компрессор станциялари шарофати билан барқарор тарзда кунига 500 минг куб метр табиий газ қазиб чиқариш имконияти таъминланди.

Янги иш бошлаган компрессор станциялари қудуқлардан келаётган 1 атмосфера босим остидаги табиий газни, 10 атмосфера босимда «Помуқ» конидаги базавий компрессор станцияларига, кейин эса олтингугурт бирикмаларидан тозалаш мақсадида Муборак газни қайта ишлаш заводига етказиб беради.

Нимстанция
Станцияларни электр энергиясини билан таъминлаш мақсадида юқори кучланишли ҳаво электр тармоғи ва нимстанциялар ишга туширилди. Шуниси аҳамиятлики, электр ҳаво тармоғининг қурилишида зарур моддий-техник ресурслар «Ўзбекнефтгаз» АЖ ички имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда «Махсусенергогаз» АЖ компанияси билан ҳамкорликда қисқа муддатда қуриб ишга туширилди.

Эътиборли жиҳати – «Чўлқувар» станцияси агрегатлари 2023 йил декабрь ойининг сўнги ўн кунлигида синов муддатига ишга туширилди. Биз шундай вақтда компрессор станцияси фаолияти билан танишиб чиқишга муваффақ бўлдик. Ҳозирда компрессор станцияларининг ишга тушишидан келиб чиқиб кондаги қудуқларда ишчи параметрларни танлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Келгуси лойихалар
Газ қазиб олган яхши, аммо уни узатадиган қувурлар соз бўлмаса, шунча қилинган ишнинг самараси кўринмай қолиши мумкин. Шу сабабли яна бир лойиҳа билан танишилди: «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан ушбу ҳудудда фаолият олиб бораётган корхоналар билан ўзаро ҳамкорлик натижасида «Янги Олот» конидан қазиб олинаётган табиий газни «Қувачи – Олот» газни дастлабки тайёрлаш қурилмасида тайёрлаш ва қувурлар орқали биргаликда узатиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунда лойиҳа орқали «Янги Олот» конидан қазиб олинадиган кунлик 1,5 млн куб метр табиий газни узатиш имконияти йўлга қўйилади.

Янги газ қувурини ишга тушириш билан «Янги Олот» ва «Тегирмон» гуруҳи конлари газ узатиш тизимидаги мавжуд қувурларда гидравлик қаршиликларни камайтириш ҳисобига қудуқлардан газ қазиб олишни кунлик қўшимча 500 минг куб метрга оширишга эришилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг