Энг бой инсонлар бир кунда $139 млрд. йўқотди ёки 93 та Бурж-Халифа
ТАСС хабарига кўра, кеча, 24 февраль куни дунёдаги энг бой 500 киши, умумий ҳисобланганда, 139 млрд. доллар йўқотди. «Bloomberg» агентлиги ёзишича, бунда АҚШ ва бошқа мамлакатларда шу кунги фонд биржаларида индексларнинг кескин пасайиб кетгани «айбдор».
Рейтингга кирган бойлар агентлик ўз кузатувларини бошлаган 2016 йилнинг октябридан бери бунчалик кўп йўқотишга учрамаганди.
Қанча тез бойисанг, шунча тез йўқотасан
«LVMH» («Louis Vuitton Moet Hennessy» (Франция) компаниялари гуруҳи раҳбари Бернар Арно ҳамда «Amazon» корпорацияси бошқони Жефф Безос, яъни дунёнинг энг бой инсонлари ҳаммадан кўпроқ йўқотишди — ҳар бири $4,8 млрд.дан.
Шунга қарамай, Безос — «дунёдаги энг бой» мақомини сақлаб қолди, Арно энди учинчи ўринда.
«Zara» (Испания) савдо тармоғи соҳиби Амансио Ортега «қора душанба»дан $4 млрд. зарар билан чиқди, «Facebook» асосчиси Марк Цукербергда $3,48 млрд., «Google» ҳамасосчиси Ларри Пейжда $2,7 млрд.лик камомад.
Нега бундай бўлди?
Коронавирус! Хитойдан тарқаган вирус жаҳон иқтисодиётига жиддий талафот етказиши мумкинлиги ҳақида тарқаган хабарлар фонида душанба кунги биржада котировкалар қулади.
Хусусан:
Американинг саноат индекси — Dow Jones 1031,61 пунктга (3,56 фоиз) қисқариб, 27 960,80 пунктда «қотиб» қолди.
АҚШнинг 500 та энг йирик компаниясини қамраб олган S&P 500 индекси эса 111,86 пунктга пасайиб (3,35 фоиз), 3225,89 пунктда тўхтади.
Nasdaq электрон биржаси индексида 355,31 пунктга (3,71 фоиз) қисқариш рўй берди, якуний натижа — 9221,28 пункт.
139 млрд. доллар ҳақида
Глобал бозорга солиштирилганда, 139 млрд. доллар, балки «арзимас чақа» бўлиб туюлар, бироқ бошқача ракурсдан ёндашилса, ҳеч ҳам ундаймас: масалан, Украинанинг йиллик ялпи ички маҳсулоти тахминан шунга тенг ёки Россияда муомалада юрган жами миллий валюта (рубль) қиймати шундан сал кўпроқ. Янаям соддароқ тушунтирганда, шунча пулга дунёдаги энг баланд Бурж-Халифа (Дубай)га ўхшаган миноралардан яна 93 тасини қуриш мумкин!
Маълумот учун: Янги турдаги коронавирус («COVID-19»)дан касалланиш биринчи марта 2019 йилнинг декабрь ойи сўнгги кунларида Марказий Хитойнинг энг йирик шаҳри — 12 миллионлик Уханда қайд этилганди. Касаллик Хитой ташқарисида ҳам тарқаб кетганидан кейин ЖССТ глобал фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Хитойда жами касалланганлар сони 77,6 минг нафардан ошган, шундан 27,2 минг нафар бемор тузалиб кетган, 2663 та ҳолатда ўлим қайд этилган.
Айни пайтда Хитойдан ташқари яна 32 мамлакатда коронавирус аниқланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter