Декларацияни ўз вақтида топширишни унутманг!
Ўзбекистоннинг амалдаги солиқ қонунчилигида жисмоний шахсларнинг даромадларидан прогрессив ставкаларда солиқ ундирилиши кўзда тутилган. Бир вақтнинг ўзида бир нечта манбадан даромад олаётган жисмоний шахсларнинг даромадларини тўлов манбаларида тўлиқ солиққа тортиш солиқ органлари томонидан якуний ҳисоб-китоб тақдим этилган жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида амалга оширилади.
Фуқаролар жами йиллик даромадлари тўғрисида декларацияни топшириш орқали давлат ва жамият олдидаги конституциявий бурчларини бажариш баробарида жами даромадлари, тўлаган солиқлари миқдори ва ўзларининг жамғариб бориладиган пенсия бадали бўйича шахсий ҳисобварақларидаги маблағлар тўғрисида маълумотга эга бўлишади.
Шунингдек, декларация тақдим этиш натижасида уларга солиқнинг ортиқча тўланган қисмини бошқа солиқлардан бўлган қарзи учун ўтказиш ёки қарзи бўлмаган тақдирда қайтариб олиш имкони яратилади.
Бундан ташқари, асосий бўлмаган иш жойларидан даромад олган жисмоний шахслар декларация тақдим этиш жараёнида амалдаги солиқ қонунчилигида кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.
Масалан: I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ўз мулкини ижарага беришдан олган даромадлари бўйича тўланган солиқларни жами даромадлари ҳақидаги йиллик декларацияни тақдим этиш орқали қайтариб олишлари мумкин. Чунки улар Солиқ кодексининг 180-моддаси иккинчи қисмига асосан даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинган.
Шуларни эътиборга олган ҳолда даромадлар тўғрисидаги декларацияни кимлар топшириши, уни тақдим этиш тартиби ва муддати юзасидан яна бир бор тушунтириш бериб ўтамиз.
Декларацияни ким топширади?
Солиқ кодексининг 189-моддасига асосан 2017 йил давомида:
— мулкий даромад олган (агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса)*;
— фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромад олган;
— асосий бўлмаган иш жойидан моддий наф тарзида даромад олган;
— икки ёки ундан кўп манбадан солиқ солинадиган даромад олган;
— Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги манбалардан даромад олган;
— солиқ агентлари бўлмаган манбалардан даромадлар олган Ўзбекистон резидентлари 2018 йилнинг 1 апрелига қадар жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация топширишлари лозим.
Белгиланган тартибга кўра, Ўзбекистон резиденти бўлган чет эллик жисмоний шахс ҳам ўтган солиқ даври учун даромадлари тўғрисида жорий йилнинг 1 апрелигача декларация тақдим этади.
*Маълумот учун: Солиқ кодексининг 22-моддасига асосан солиқ тўловчига тўловларни амалга оширувчи юридик шахс тўлов манбаи ҳисобланади.
Ким резидент ҳисобланади?
Солиқ кодексининг 19-моддасига мувофиқ Ўзбекистонда доимий яшаб турган ёки жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр ичида жами бир юз саксон уч кун ва ундан ортиқ муддат Ўзбекистонда турган жисмоний шахс Ўзбекистоннинг резиденти деб эътироф этилади.
Мисол: чет эллик фуқаро контракт асосида ишлаш учун 2017 йилнинг 1 сентябрида Ўзбекистонга келди. 2018 йил январь ойида Ўзбекистон ташқарисига 20 кунга чиқиб кетиб, қайтиб келди.
Чет эллик фуқаро Ўзбекистон ҳудудида жами 194 кун (2018 йил январь ойида 20 кунни чегириб, 2017 йилнинг 1 сентябридан 2018 йилнинг 1 апрелигача ҳисоблаганда) турди. Бинобарин, у солиқ солиш мақсадида Ўзбекистоннинг резиденти ҳисобланади. Шу сабабли бундай тоифадаги фуқаролар ҳам 2017 йилда олган даромадлари бўйича 2018 йилнинг 1 апрелидан кечиктирмасдан декларация тақдим этиши лозим.
Декларация қачон тақдим этилади?
Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация, юқорида таъкидланганидек, тегишли даромад олинган йилдан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этилади. Агар 1 апрель дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунига тўғри келса, декларация ундан кейинги биринчи иш кунидан кечиктирмай (Солиқ кодексининг 36-моддаси) тақдим этилиши шарт.
Чет эллик жисмоний шахс – Ўзбекистоннинг резиденти солиқ солиниши лозим бўлган даромад келтираётган фаолиятини календарь йили ичида тугатган ва Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқиб кетаётган бўлса, унинг Ўзбекистон ҳудудида турган вақтда жорий солиқ даврида ҳақиқатда олган даромадлари тўғрисидаги декларация мазкур жисмоний шахс Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқиб кетишидан бир ой аввал тақдим этилиши лозим.
Агар чет эллик жисмоний шахс – Ўзбекистоннинг резиденти жорий йилнинг 1 февралига қадар доимий яшаш учун хорижга чиқиб кетаётган бўлса, жорий йил учун даромадлари бўйича декларация тақдим этмайди.
Декларацияга қандай ҳужжатлар илова қилинади?
Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларация шакли Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорнинг (рўйхат рақами 2439, 2013 йил 22 март) 2-иловасида келтирилган.
Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга белгиланган шаклдаги тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган даромад солиғи суммалари ҳақидаги маълумотнома илова қилинади.
Жисмоний шахс икки ва ундан ортиқ даромад манбаига эга бўлса, барча манбалардан маълумотнома тақдим этиши зарур.
Фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромадлар олган шахслар уларни яратиш ва улардан фойдаланиш учун зарур материаллар олиш, бино ва мол-мулк ижарасига доир харажатларни (олинган жами даромад суммасининг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда) чегиришга ҳақлидир. Ушбу харажатлар ҳужжатлар (назорат-касса машинаси ёки терминал чеклари, квитанциялар, шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ва ҳоказо) билан тасдиқланган бўлиши керак.
Грант шаклида даромад олган жисмоний шахслар декларацияни топшираётганда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг тегишли хулосасини ҳам тақдим этишлари керак.
Мол-мулкни (автотранспорт, бино ва иншоотлар, турар ва нотурар жойлар) ижарага берувчи жисмоний шахслар ижара шартномалари нусхаларини декларацияга илова қилишлари шарт.
Мамлакатдан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлардан солиқни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ушбу даромадлардан тўланган солиқ суммалари ҳақида чет давлат ваколатли органи тасдиқлаган маълумотномани тақдим этади.
Солиқ кодексининг 180-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ энг кам иш ҳақининг тўрт бараварини чегириш тарзидаги имтиёзга эга бўлган шахслар имтиёзга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишлари ва декларацияда кўрсатишлари лозим.
Декларацияни қандай усулларда тақдим этиш мумкин?
Декларация бевосита жисмоний шахснинг доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига, почта орқали буюртма хат шаклида, шунингдек, электрон шаклдаги ахборот тарзида ва интернет тармоғи орқали тақдим этилиши мумкин.
Декларация солиқ органига шахсан тақдим этилганда давлат солиқ органининг тегишли бўлимига топширилади.
Почта орқали юборилаётган декларация конвертга солинади ва солиқ тўловчининг яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органи адресига жўнатилади.
Электрон ҳужжат тарзида тайёрланган декларацияни солиқ тўловчи бевосита ёки ахборот воситачиси (электрон ҳужжатлар айланмаси билан боғлиқ хизматларни кўрсатувчи юридик шахс) орқали жўнатиши мумкин. У электрон рақамли имзо билан тасдиқланади, бунда белгиланган шакл тўлиқ тўлдирилган бўлиши керак.
Шунингдек, декларацияни Давлат солиқ қўмитасининг «my.soliq.uz» – «Электрон солиқ хизматлари» порталидаги «Солиқ декларацияларини юбориш» интерактив хизмати орқали ҳам жўнатиш мумкин.
Солиқ тўлаш муддатлари
Солиқ тўланган сана қуйидагилардир:
— банкдаги ҳисобварақдан тўланган тақдирда – банкдаги ҳисобварақлардан маблағлар ҳисобдан чиқарилган кун;
— нақд пулда тўланган тақдирда – банк кассасига маблағ тўланган сана.
Жисмоний шахслар – Ўзбекистоннинг резидентлари ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғини хорижий давлатда жойлашган банк ҳисобварағидан чет эл валютасида тўлаши мумкин. Бунда жисмоний шахслардан олинадиган, миллий валютада ифодаланган солиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўланган санада Марказий банк томонидан белгиланган курс бўйича чет эл валютасида қайта ҳисоблаб чиқилади.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисоблаб чиқариладиган даромад солиғини жисмоний шахслар тўлов хабарномасида кўрсатилган муддатларда тўлаши керак.
Эслатиб ўтамиз, солиқни тўлаш муддатларини бузиш тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун (тўлов куни ҳам шунга киради) 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисоблашга сабаб бўлади.
Шунингдек, даромадлар тўғрисидаги декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддаси учинчи қисми билан маъмурий жавобгарликка тортиб, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шуларни эътиборга олган ҳолда даромадларингиз тўғрисидаги декларацияни охирги муддат – 1 апрелни кутмасдан яшаш жойингиздаги давлат солиқ инспекциясига ўз вақтида тақдим этишингизни маслаҳат берамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter