Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Деҳқон яна куйиб қолмоқда

Деҳқон яна куйиб қолмоқда

Маҳсулотни ердан қазиб олиш харажатини кўтаролмаган деҳқон уни ҳатто ерда қолдиришга мажбур бўлади.

Фото: «agro-olam.uz»

Баҳорги ширин пиёзни асосан сурхондарёликлар етиштиради. Воҳа деҳқонлари етиштирган баҳорги пиёз бутун мамлакат бўйлаб тарқалади. Бу йил ҳам сурхондарёликлар ўз томорқаларида ва фермерларнинг ерларини ижарага олиб пиёз етиштиришган. Пиёз эса кўп харажат ва меҳнатни талаб қилувчи маҳсулот.

Минг афсуски, воҳа деҳқонларининг меҳнати кўпинча қадрланмайди. Бу йил ҳам шу аҳвол – етиштирилган пиёз увол бўлмоқда. Пишиб турган пиёз кўп ҳолатларда далада, йиғиштирилмасдан қолиб кетаяпти.

«Нега йиғиштирилмайди? Нега шунча меҳнат ва харажат билан етиштирилган маҳсулот бу аҳволда?» – деб сўрарсиз? Савол ўринли.

Чунки пиёзнинг нархи тушиб кетди. Гап шундаки, Сурхондарёда етиштириладиган пиёз мамлакат аҳолисининг эҳтиёжидан ортиқ. Мамлакатнинг барча бозорлари бу маҳсулот билан тўйингандан кейин ҳам ортиб қолади. Бозор маҳсулотга тўлгандан кейин унга талаб сусаяди ва улгуржи нархи ҳам, табиийки, тушиб кетади. Баҳорги пиёзни эса узоқ муддат сақлаб бўлмайди – деҳқон уни пайсалга солмай сотиши керак.

Деҳқонлар қўнғироқ қилиб пиёзнинг улгуржи – дала бошидаги нархи ҳозир 300 сўмлигини айтиб беришди. Бу эса деҳқон пиёзни етиштиришга сарфлаган харажатининг ярми тугул учдан бирини ҳам ололмайди дегани. Шунинг учун маҳсулотни ердан қазиб олиш харажатини кўтаролмаган деҳқон уни ҳатто ерда қолдиришга мажбур бўлади.

Эътибор беринг, гап фойда олиш ҳақида эмас, қилинган харажатнинг қайтиши ҳақида кетаяпти!..

Айни чоғда эса қўшни Қозоғистон ёки бозори улкан бўлган Россия бу мазали пиёзга зор. Хўш, нега деҳқонларимиз етиштирган маҳсулотга кимдир зору, бу ерда деҳқонлар уни ердан йиғиштириб олгиси келмай, харажатини қоплолмай куйиб ўтирибди?

Ким бу саволга жавоб беради? Қайси ташкилот?

Нега оддий одамларнинг – томорқа эгалари ва фермердан бироз ерни ижарага олиб деҳқончилик қилаётган кишиларнинг қилган меҳнати-ю харажати ҳисобга олинмайди? Томорқалардан унумли фойдаланиш кераклиги гапирилади, аммо томорқачилар меҳнат қилиб маҳсулот етиштирганда маҳсулоти азиз қилинмайди?

Муҳаммад Шакур

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг