Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Айрим шартлар эвазига солиқдан катта имтиёзлар берилади

Айрим шартлар эвазига солиқдан катта имтиёзлар берилади

Фото: «Xabar.uz»

Сенатнинг эллигинчи ялпи мажлисида «Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора‑тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига тадбиркорлик субъектларига улар яратган янги иш ўринлари сонига қараб тегишли солиқларни муайян муддатларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилишини, шунингдек юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўланишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Кодексда кўзда тутилган қўшилган қиймат, фойда солиғи ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ташқари барча солиқларни улар яратган янги иш ўринлари сонига қараб бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилмоқда. Жумладан:

- 51 тадан 100 гача янги иш ўрин яратилганда – уч ойгача;

- 101 тадан 200 гача янги иш ўрин яратилганда – олти ойгача;

- 200 тадан ортиқ янги иш ўрин яратилганда – ўн икки ойгача, этиб ифодаланди.

Шунингдек, «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» Дастури доирасида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган фуқароларни ишга қабул қилган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этган юридик шахсларга мол-мулк солиғи ва ер солиғидан имтиёз берилмоқда. Бунда, солиқ имтиёзи миқдори, тадбиркорлик субъектлари томонидан янги иш ўринлар сонидан келиб чиқиб қуйидаги миқдорларда белгиланади:

- 51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда – белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи;

- 101 дан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда – белгиланган солиқ ставкасининг 75 фоизи;

- 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилганда эса – ушбу солиқларни тўлашдан озод этилади.

Корхона ишга қабул қилинган «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган фуқароларга камида 1 йил давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори бир бараваридан кам бўлмаган иш ҳақини тўлаб, бандлигини таъминлаши керак.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг