«Агробанк» терим машиналари учун 435 миллиард кредит ажратди
Ер ҳайдаш, экиш, экинларга ишлов бериш, ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари қанчалик техника билан қамраб олинган бўлса, машақққат ҳам шунчалик кам бўлади.
Шу боисдан, кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини замонавий техникалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса соҳада туб ўзгаришлар ясаб, сифат жиҳатидан янги босқични таъминламоқда.
Айни кунларда бобо дехқонларимиз меҳнати эвазига бунёд бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териш жараёни қизғин бормоқда.
Бу борада «Агробанк» АТБ фермер ва деҳқонларга яқин кўмакчи экани ҳеч кимга сир эмас. Банк қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, пахтачиликни ривожлантириш борасидаги лойиҳаларни доимий тарзда қўллаб-қувватламоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 15 сентябрида имзолаган «Пахта ҳосили теримини механизациялашни молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳанинг янада тараққий этишида муҳим хуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.
Унга кўра, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларининг «Агробанк»нинг устав капиталидаги улуши 50 миллион долларга оширилди. Ушбу маблағлар пахта-тўқимачилик кластерларига ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга маҳаллий пахта териш машиналарини сотиб олиши учун Марказий банкнинг асосий ставкасида кредитлар ажратишга йўналтирилди.
Бунинг учун эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари пахта териш машиналарига талабгорларнинг аниқ рўйхатини шакллантирди.
Натижада «Агробанк» АТБ мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 435 миллиард сўмлик кредит маблағи ажратди. Деҳқонларимиз етиштирган пахта ҳосилини тез ва сифатли йиғиштириб олиш учун Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Тошкент, Навоий, Наманган хамда Самарқанд вилоятларига 400 дан ошиқ пахта териш машиналари етказиб берилди.
Албатта, соҳадаги вазиятни тубдан яхшилаш учун вақт, имкониятлар талаб этилади. Юқоридагиларни эса бу борада амалга оширилаётган ишларнинг дебочаси дейиш мумкин.
Қувонарлиси, ушбу пахта териш машиналари дехқонга мадад бўлмоқда. Зеро, даладан пахта ҳосилини тез ва ёғингарчилик кунларга қолдирмасдан териб олиниши деҳқонларимиз даромадини оширади. Хирмонни тезроқ юксалтиради.
«Агробанк» АТБ матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter