Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Доналд Трамп бугун тиббий кўрикдан ўтади: яхши ва ёмон «хабарлар» (инфографика)

Доналд Трамп бугун тиббий кўрикдан ўтади: яхши ва ёмон «хабарлар» (инфографика)

Фото: BBC

Доналд Трамп 12 январ куни тиббий кўрикдан ўтади, бу унинг учун АҚШ президентлик курсисига ўтирганидан бери илк умумий текширувдир. Трампнинг тиббий кўриги натижаларини Қўшма Штатларда ҳам, Америка ташқарисида ҳам бетоқатлик билан кутишмоқда.

BBCнинг Вашингтондаги мухбири Оуэн Амоснинг хабар қилишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Бетесда (Мэриленд штати)даги Уолтер Рид тиббий марказига шифокор учун яхши ва ёмон «хабарлар»  билан келади.

Яхшисидан бошлаймиз

Доналд Трамп спиртли ичимликлар истеъмол қилмайди, ўзининг айтишича, ҳеч қачон ичмаган. Бунга ичкиликка муккасидан кетган ва 43 ёшида оламдан ўтган акаси Фред «сабабчи».

Яна бир яхши хабар: Доналд Трамп чекмайди. «Кашандаларни кузатаман. Бу даҳшат», — деганди у 2015 йили.

Энди — ёмон хабарлар

Трампнинг собиқ ёрдамчилари Кори Левандовски ва Дэвид Босси томонидан яқинда чоп этилган «Трамп Трамп бўла қолсин» китобида Трамп президентлик кампанияси чоғи тановул қилган овқатларни шартли равишда тўрт асосий гуруҳга бўлиш мумкинлиги айтилади:

  • «Макдоналдс»дан келтирилган овқатлар
  • KFC дан келтирилган овқатлар
  • пицца
  • диетик «Кока-кола»
Трамп фастфудлар шайдоси. Фото: BBC

Китоб муаллифларининг айтишларича, Трамп тушликда бирваракайига иккита Биг Мак, икки порция Филе-о-Фиш еб, устидан шоколадли милкшейк ичади. Бу 2430 калория. Эркаклар учун тавсия қилинган меъёр — кунига 2500 калория.

Афтидан, Трамп жисмоний машқларнинг самарадорлиги ва зарурлигига ишонмайди. Ҳа, у голф ўйнайди, бироқ майдонда ҳаракатланиш учун голф-кардан фойдаланади.

У голфни севади, бироқ пиёда юрмайди. Фото: BBC

Манбалардан бирининг тасдиқлашича, Трампнинг назариясига кўра, инсон организми муайян қувват захираси тўпланган батареяга ўхшайди, жисмоний машқлар бу захирани қуритади, холос.

Бир қарашда, шкафи картошка чипслари-ю «Vienna Fingers» ва «Oreos» печеньелари билан лиқ тўла инсон бўлишига қарамасдан, Трамп анчагина мустаҳкам соғлиққа эга.

2016 йилнинг сентябрида — сайловга икки ой қолганида у ўзининг «отдек бақувватлиги» ҳақидаги маълумотларни ошкор қилганди.

Бу маълумотларга кўра, унинг қонидаги холестерин миқдори меъёрида — децилитрга 169 миллиграмм. Аслида холестерин миқдори 200 мг/дл.дан ошмаслиги тавсия этилади. Трампда «яхши» ва «ёмон» холестерин нисбати ҳам меъёрида экан.

Президентликка номзоднинг артериал қон босими ҳам «идеал»га яқин — 116/70. Жигар ва қалқонсимон безида ҳам шифокор нуқсон кўрмаганди. Колоноскопия чоғи ичакларида ҳеч қандай касаллик аломатлари топилмади.

Трампни текширган шифокор Гаролд Борнштейн ўз хулосасида мижозининг «ажойиб жисмоний саломатлик»ка эга эканини ёзганди.

Бироқ Трамп ростдан ҳам ажойиб жисмоний соғлом эканидан лондонлик шифокор Сара Кайат гумонсирамоқда. Унинг сўзларига қараганда, Трампнинг овқатланиш тартиби даҳшатли ва ташвиш уйғотади.

Гап нафақат унинг жуда ёғли ва шўр овқатлар истеъмол қилиши ҳақида кетяпти, бу ҳам етмаганидек, у мева ва сабзавотлар нималигини билмайди — чунки у бошқа овқатларга ўта муккасидан кетган.

«Гап нафақат унинг жуда ёғли ва шўр овқатлар истеъмол қилиши ҳақида кетяпти, бу ҳам етмаганидек, у мева ва сабзавотлар нималигини билмайди — чунки у бошқа овқатларга ўта муккасидан кетган», — дейди Кайат.

«Мева ва сабзавотларни жуда оз истеъмол қилиш ва аксинча, тўйинган ёғ кислоталарига бой овқатларни мунтазам тановул қилиш оқибатда юрак, саратон ва диабет касалликларининг ривожланишига замин тайёрлайди», — таъкидлайди Сара Кайат.

Унинг сўзлашича, тамаки чекмаслиги ва алкогол ичимликлардан узоқ юриши албатта Трампнинг соғлиғини кафолатлайди, бироқ саломатликни ушлаб туриш учун жисмоний машқлар ҳам зарур.

Лондонлик шифокор Сара Кайат. Фото: BBC

«Албатта, соғ бўлиш учун алкогол ва тамакидан воз кечишнинг ўзи кифоя эмас. Жисмоний фаолликнинг йўқлиги юрак-қон томир тизими касалликлари ривожланиши учун деярли тамаки чекканчалик таъсир кўрсатади. Юрак хасталиклари ривожланиши эҳтимоли жисмоний суст одамларда жисмоний фаол одамларникидан икки карра юқори», — дейди Кайат.

Демак, инсон организми муайян қувват захирасига эга батареяга ўхшамас эканда?

«Тўғри, ўта жисмоний юкламалар ҳам бўғинларда оғриқ қўзғатади. Биз экстремал жисмоний юкламаларни тавсия қилмаяпмиз. Бироқ ҳафтасига беш кун 30 дақиқадан бадантарбия саломатликни сақлашга фақат ёрдам беради», — дейди Сара Кайат.

Агарда Сара Кайатнинг қабулига Трамп ташриф буюрганида, у нима деб маслаҳат берарди?

«Биламизки, озиқланиш сифатини яхшилаб, оқилона жисмоний юкламаларни тартиб этсак, кўп касалликларнинг юзага келиши эҳтимолини пасайтирамиз. Бу икки омил, худди чекишдан воз кечиш сингари ўта муҳим», — дейди Сара Кайат.

Олдинроқ Трампнинг руҳан саломатлиги ҳақида ҳам гумонсирашганди, бироқ тиббий кўрик бу омилни четлаб ўтади.

Фото: BBC

Президентнинг матбуот котиби, Трампнинг руҳий барқарорлиги борасида билдирилган шубҳаларга жавоб бераркан, президент жуда ақлли эканини таъкидлаган. Трамп ўзини ўзи «Твиттер»да «жуда барқарор даҳо», деб атаганди.

АҚШ президенти ўз саломатлиги тўғрисидаги маълумотларни ошкор этишга мажбур эмас. Бироқ Трампнинг мабуот котиби билдиришича, президентнинг шахсий шифокори Ронни Жексон давлат раҳбарининг саломатлиги ҳақидаги маълумотларни омма эътиборига ҳавола қилади. Ронни Жексон 2016 йилнинг март ойида Барак Обама тиббий кўриги хулосаларини ҳам очиқлаганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг