Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Холмахматов Юнусободга бориб, мутасаддиларни роса «тақалади»...

Холмахматов Юнусободга бориб, мутасаддиларни роса «тақалади»...

Фото: Юнусобод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Куни кеча мамлакат Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Абдуҳалим Холмахматов пойтахтнинг Юнусобод туманида маҳаллий раҳбарларни жамлаб, йиғилиш ўтказди.

Туманда аниқланган муаммоларни бартараф этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ким-ким Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари раҳбарлигида ўтказилишининг сабаби бор, албатта. Нега десангиз, республика ишчи гуруҳи томонидан Юнусобод туманидаги 817 та хонадон уйма-уй юриб, 916 та ижтимоий соҳа ва бошқа объектлар жойига чиққан ҳолда ўрганилганди. Натижа ҳавас қилгудек эмас: ўрганиш натижасида ҳар олти хонадондан биттасида,  кўздан кечирилган объектларнинг 541 тасида турли кўринишдаги муаммолар аниқланди. Кўрилган чоралар натижасида 68 та хонадон ва 203 та объектдаги муаммолар жойида ҳал этилди.

Фото: Юнусобод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Бироқ ечимини кутаётгани ҳам оз эмас. Камчилик ва муаммоли масалаларни республика даражасидаги раҳбар ўз назоратига олиб, ижроси қатъий талаб қилинмаса, якун кўнгилдагидек бўлмаслиги мумкин. Рост-да, маҳаллий раҳбарлар хизмат вазифаларини лозим даражада бажаришганида битта туманда шу-унча муаммо йиғилиб қолармиди?! Шундан келиб чиқиб, иш пайтида ҳалимликни нари суриб қўядиган Абдуҳалим Холмахматов муаммоларни секторлар кесимида, ҳар бир объект ва хонадон бўйича аниқ муддатларни  кўрсатган ҳолда топшириқлар берди. Агар иш ўлда-жўлда қолса ёки кўзбўямачликка йўл қўйилса, кейинги сафар бу ерда эмас, нақ идоранинг ўзида бошқача оҳангда гаплашилиши жиддий равишда уқтирилди...

Республика ишчи гуруҳининг  жойларга чиқиб, аҳолини қийнаб келаётган камчилик ва муаммоларни ўрганиш бўйича амалий тадбирлар давом этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг