Туман суди қамоққа олган судланувчи вилоят судида озодликка чиқарилди. Нега?
Воқелик куппа-кундузи (2019 йил 16 июль), қоқ пешинда содир бўлди. Булунғур туманининг «Меҳржон» маҳалласида жойлашган маиший хизмат кўрсатиш объекти ёнида икки нафар ўртоғи билан гаплашиб турган Жўрабек Атамуродовни Аваз Учқунов елкаси билан туртиб ўтади. Бу беихтиёр бўлдими ёки қасдданми — нима аҳамияти бор? Нари борса, битта «узр» билан унутилиб кетадиган ҳолат. Бироқ А.Учқунов «паст кетгиси» келмади, гўё...
Икки ўртада жанжал чиқиб, «ияк кучи»дан «билак кучи»га ўтиб кетди. А.Учқунов ўзига «гап қайтарган» Жўрабекнинг кўзини «очиб қўйишга» астойдил ҳаракат қилдики, бунинг натижасида «рақиби»га яхшигина жароҳат етди.
Кейинчалик ўтказилган суд-тиббий экспертизаси Ж.Атамуродовга «ўртача оғирликдаги тан жароҳати» етказилганини аниқлади... Бундай жароҳат етказиш маъмурий ҳуқуқбузарликка эмас, балки жиноий жавобгарликка сабаб бўлгани учун А.Учқуновга нисбатан «иш» очилиб, кўп ўтмай судга оширилди.
Ҳамма нарса аён: А.Учқунов «зўр»лигини кўрсатиб қўйди, унинг «қаҳрамон»лигига воқеа жойида бўлган Жўрабекнинг икки ўртоғи гувоҳ (ўшалар Ж.Атамуродовни шифохона олиб боришган-да). Қолаверса, судга оид тиббий экспертиза жароҳатнинг даражасини шаҳодатлаб турибди. Демак, судланувчининг қилмиши Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «а» банди билан тўғри малакаланган. Бундай қилмиш «уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».
Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди қайд этилган жазо турларининг «ўртаси» бўйича ҳукм чиқарди: А.Учқуновга бир йилу икки ой озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаб, уни суд залидан қамоққа олди.
Мазкур жиноят иши апеллация тартибида жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида кўрилганда тайинланган жазо турини ўзгартиришга тўғри келди. Яъниким, бир йўл-у икки ой озодликдан маҳрум этиш жазоси ўн бир ой-ю ўн бир кун озодликдан чеклаш жазосига алмаштирилиб, маҳкум суд залидан озод қилинди.
Нега?
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси Б. Алиқуловнинг «Xabar.uz» мухбирига тушунтиришича, жазо турининг ўзгартиришга бош сабаб — жабрланувчининг судга қилган мурожаати. Яъни, Ж.Атамуродов судга ариза билан мурожаат қилиб, А.Учқуновга нисбатан енгиллик беришни сўраш асносида унга нисбатан даъвоси йўқлиги, етказилган моддий зарарларни қоплаганини билдирди. Судланувчига жазо тайинланашда жабрланувчининг фикри алоҳида аҳамиятга эга. Шундай экан, қилмишидан пушаймон бўлиб, шундоғам тавбасига таянган судланувчига «босиб жазо» беришдан маъно йўқ. Жазодан мақсад тарбия, илло бировни хонавайрон қилиш эмас.
Яна бир гап. Судланувчига озодликдан чеклаш жазоси тайинланишида унинг маълум муддат ҳибсда ўтиргани ҳам эътиборга олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter