Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Светлана Ортиқова мухбирнинг гапини «тўғрилаб», сўнг муддаога ўтди (видео)

Светлана Ортиқова мухбирнинг гапини «тўғрилаб», сўнг муддаога ўтди (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Кеча Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова «Xabar.uz»га мухтасар интервью берганидан хабарингиз бор. Суҳбат мавзуи бошқа — «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон мазмун-моҳияти ҳақида эди.

Мусоҳаба якунига етиб, хайр-хўшга чоғланган пайт Светлана Боймирзаевна «бир минут» деди-да, «Қорақалпоқ воқеаси»га тўхталиб, ҳолат юзасидан «ўғилбола гап»ни айтди-қўйдики, бундай муносабат «иссиғида босилмаса» бўлмасди, рости. Шу боис очиқ ва холис муносабат тўхтовсиз эълон қилинди ва у кенг жамоатчилик, айниқса, оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан жуда илиқ кутиб олинганини ижтимоий тармоқлардаги эътирофлар айтиб турибди...

Асосий мавзу бўйича суҳбат, мана бугун, эълон қилинмоқда. Очиқ мулоқотдан қочмайдиган кам сонли амалдорлар рўйхатининг бошида турадиган Светлана Ортиқова сўзини мухбирнинг гапини «тўғрилаш»дан бошлади:

«Суд ҳуқуқи соҳасидаги ислоҳотлари бўйича навбатдаги Фармон...» деган гапингизни тузатсам майлими?.. Эшитинг: давлат раҳбари томонидан имзоланган соҳани ислоҳ қилишга оид ҳар бир ҳуқуқий ҳужжат тарихий ҳисобланади. Тарихийлиги шуки, бундай ҳужжатлар аввал амалиётда бўлмаган тартиблар, қонунчиликка киритиладиган жиддий ўзгартиришлар, хуллас, соҳада бутун бир янги давр бошланишига ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди. «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон борасида ҳам гап шу.

Мазкур Фармоннинг прокуратура органлари фаолиятига тааллуқли нуқталари кўп. Масалан, келаси йилнинг бошидан прокурор тарафларнинг мурожаати бўлган тақдирдагина муайян ишни суддан чақириб олиб ўрганиши мумкин. Яъни, прокурор бундан буён ҳеч бир мурожаатсиз суд ишини чақириб ололмайди. Яна бир янгилик: ҳозиргача мавжуд бўлган амалиётга кўра, прокурор барча суд ишларида қатнашиши шарт. Шундай ҳолатлар ҳам бўлардики, бир нафар прокурор бир пайтнинг ўзида тўртта судда иш кўрилаётган бўлса, ҳаммасида қатнашиши шарт эди?! Тасаввур қиляпсизми буни? Бундай аҳволда иш ҳужжатлари билан танишиб, қонунга мос хулоса бериш мумкинми ўзи? Ошкора тан олсак, бу номақбул амалиёт расмиятчиликдан бошқа нарса бўлмай қолганди: «судга бирров келиб, сўнг қорасини кўрсатган прокурорлар» ҳақида кўп гапилди, сиз — журналистлар озмунча ёзганингиз йўқ. Бунинг сабабини мана энди тушуняпсизми?! Давлатимиз раҳбарининг Фармони шу амалиётга чек қўймоқда. Қисқаси, прокурор эндиликда иқтисодий ва фуқаролик судларида кўрилаётган ишларда ўз иштирокини ўзи чеклаши мумкин. Агар суд қароридан норози тараф бўлса, марҳамат — мурожаат қилади ва шундагина прокурор иш ҳужжатларини ўрганиб, суд қарорини қонуний деб топса, хўп-хўп — акс ҳолда, протест киритиши мумкин. Шундаям масалага қонуний нуқтани суд қўяди.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати — прокурорнинг суд жараёнида айбловдан воз кечишига оид норма жорий этилишидадир. «Айбловдан воз кечиш» — бу янги ҳуқуқий институт эмас, аслида. Бу меъёр қонунчиликда бор эди. Бироқ прокурор айбловдан воз кечгандан кейинги ҳолатлар қонунчиликда очиқ қолганди. Фармон билан айни шу бўшлиқ тўлдирилмоқда, яъни бундан кейин агар прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечса, жиноят иши тугатилиб, судланувчи оқланади. Шу ўринда битта нозик ҳолатга эътибор қаратиш керак. Айб эълон қилинган шахс прокурор айбловдан воз кечиши натижасида оқланиши, бу жиноят муаллақ қолаверар экан-да, деган маънони англатмайди. Содир этилган жиноятнинг ҳақиқий айбдори барибир қидирилади, топилади ва жазо муқаррарлиги таъминланади.

Энди Бош прокурор ва унинг ўринбосарлари томонидан суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида протест келтириш ҳуқуқи бекор қилинишига оид янги меъёрлар ҳақида икки оғиз (айни ҳуқуқ Олий суд раиси ва ўринбосарларида ҳам борлигини биласиз). Диққат қилинг: бу ўринда гап назорат тартибида протест келтириши ҳуқуқи бекор қилинаётганида ҳақида кетяпти. Нега? Суд мустақил ҳокимият экан, унга нисбатан «назорат» сўзи қўлланишининг ўзи мантиқсизлик. Судларда назорат босқичи тугатилаётгани сабабиям шунда. Шундан келиб чиқиб, Олий суд раиси ва Бош прокурор ҳамда уларнинг ўринбосарлари томонидан суд ҳужжатларига айнан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинмоқда. Бундан кейин киритилаётган протестларни кассация тартибида такроран кўриб чиқиш институти жорий этилмоқда. Айни тартиб судларда прокурор ва адвокат тенглик тамойилини таъминлаши баробарида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини янада оширади, насиб...

Фармон билан жорий этилаётган яна бир янгилик — судлардаги дастлабки эшитувдир. Дастлабки эшитувлар жиноят ишлари бўйича судларда татбиқ этилади. Бу амалиёт биринчи навбатда жиноят ишини умумий тартибда кўриб чиқишга тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этиш имкониятини беради. Бу ҳақда кенгроқ тушунча берсак, суҳбатимиз чўзилиб, мақоламиз семириб кетиши мумкин. Қисқача айтганда, Худо хоҳласа, кўрасиз, айни амалиётнинг жорий этилиши кўпларнинг тасаввурига сингиб қолган «иш судга юборилса, шахс албатта жазоланади», деган нотўғри тушунчалар парчаланади.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир гап айтсам: бу ўринда бир идора ваколатлари камайтирилиб, бошқасиники оширилмоқда, дейиш нотўғри тушунча. Суд-ҳуқуқ соҳасининг қамрови кенг: унга суддан ташқари прокуратура, ички ишлар, адвокатура ва давлат хавфсизлик хизмати каби органлар ҳам киради. Ислоҳотлардан пировард мақсад битта: жамиятда қонунийликни таъминлаш. Қайд этилган органларнинг эса манзили битта, мақсади муштарак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг