Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Судьяларнинг «ичи»да гап кўп. Бироқ... (иккинчи мақола)

Судьяларнинг «ичи»да гап кўп. Бироқ... (иккинчи мақола)

1

Бу галги тадбир аввалгиларига қараганда янада жонли,  янада жўшқин ва, албатта, баҳс-мунозаларга бой тарзда ўтиши кутилганди. Башоратлар қисман ўзини оқладику-я, бироқ мутасаддиларнинг кўнгли кўпам тўлмади барибир. Сабаб –  фаоллик кутилган даражада эмас. Ҳали-ҳамон  тортиниш, истиҳола кучли...

 Гап нима ҳақда кетаётганини айтмадик-а, узр.

Демак, бир бошдан.

2

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар клубининг навбатдаги форуми бўлиб ўтди. Бу галги тадбир жиноят ишлари бўйича судларнинг судьялари фаолиятига бағишланди (аввалроқ ўтказилган худди шундай форумларда дастлаб фуқаролик ишлари бўйича,  сўнг иқтисодий суд  судьялар фаолияти, улар дуч келаётган муаммолар ҳамда унинг ечимлари муҳокама этилгани хабари берилганидан воқифсиз).

Судларни бир-бирига таққослаш – нотўғри аслида. Барча судларнинг ўз ўрни ва ўзига хос қуввати бор. Пировард мақсад эса битта: жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш.

Бироқ жиноят ишлари бўйича судлар фаолияти инсоннинг моли-мулкига эмас,  тўғридан тўғри тақдирига  боғлиқ.  Шунданми, айни судларга нисбатан кўпчиликнинг қарашлари айрича. Турган гапки, масъулият ҳам шунга яраша. Биргина процессуал қонун нормасининг нотўғри қўлланиши судланувчининг тақдирига яхшигина таъсир этиши баробарида судьянинг ўзига ҳам муаммо туғдириши мумкин. Қонунчилик, хусусан, жиноят қонунчилиги йилдан йилга ўзгариб, тўлдириб борилмоқда. Янгиликлар қанча?!

3

Шунга қарамай айрим ҳолларда қонунлардаги номувофиқликлар ёки ҳуқуқий жумбоқлар («казус») лоп этиб чиқиб қолаётгани ҳам бор гап. Шундай ҳолатларда судьялар «дело»ни қўлтиқлаб суд раисига чопиши ёки тажрибалироқ  ҳамкасбига маслаҳат солиши  - одатий ҳол. Бунинг нотўғри жиҳати йўқдир балки, бироқ битта калла – битта, иккитаси – иккита-да.  Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клуби айнан шунинг учун ташкил этилган, яъниким, клуб  моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича судьяларга тавсиявий характердаги маслаҳатлар бериш ваколатига эга. Бунинг учун клуб махсус электрон платформани ишга тушириб қўйибди: ёзинг, муҳтарам судья, мурожаат қилинг – нима муаммо, ҳаммасига кў-ўплашиб ечим топилади, илло, охирги қарор – сиздан, чунки, мустақилсиз.

Ўтган вақт давомида клубнинг электрон платформасида жиноят ишлари  бўйича  суд амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари  юзасидан 184 та мавзу бўйича 1250 та муносабат қолдирилган.

4

Рақамлар клуб аъзолари (судьялар) фаол, муҳокама қилишга лойиқ масалалар етарли эканига далолат қилади, албатта. Шунингдек,  Судьялар клуби ва унинг асосий фаолиятига айланган электрон платформа вақтида жорий этилганини ҳам  кўрсатиб турибди. Бироқ  виртуал муҳокамаларда фаол иштирок этаётганлар кўп эмас. Клубнинг аксарият аъзолари кузатувчи «мақоми»га ўтволган гўё. Ваҳоланки, муҳокама этилаётган асосий мавзулар анчайин жиддий. Дастлабки таҳлилларга кўра, жазо тайинлашда колония турини белгилаш, бир нечта жиноятлар учун (Жиноят кодекси, 59-моддаси)  ёки бир нечта ҳукм юзасидан жазо тайинлаш (Жиноят кодекси, 60-модда), шунингдек, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлашга (Жиноят кодекси,122-моддаси) оид масалаларда судьяларнинг кўп боши қотмоқда. Жиноят қонунчилигига киритилган янги институт - «дастлабки эшитув» масаласида ҳам гап шу: бу борада яна-да кенгроқ тушунтиришлар эҳтиёж бор...

Кўринадики, судьяларнинг ўйлантираётган асосий масала – жазо тайинлаш билан боғлиқ. Шунингдек, зарарни қоплашга доир масалада ҳам эътибор берилиши шарт бўлган ҳолатлар ҳам талайгина экан.

5

Ҳар ишнинг самараси унинг натижасига қараб баҳоланади. Жиноятнинг якуни – жазо. Яъниким, охирги нуқта қўйиш ваколати судга берилган. Жазо қонуний бўлиши баробарида  асосли ва адолатли бўлиши кераклиги маълум. Ушбу учта омилни жамлаш осон эмас.  Шундай экан, процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллашда судья эҳтиёж сезиляптими, мана, клуб ва унинг электрон палтформаси, тажрибали судьялар маслаҳатларини дариғ тутаётгани йўқ. Инсон тақдири билан боғлиқ масалада тортиниш, истеҳола кетмайди. Ҳазрат Навоий ҳам айтганлар-ку: билмаганин сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим, деб.

Энг ёмони, судьянинг «орланиб сўрамагани» ўзигагина эмас, судланувчига ҳам зулм бўлиши эҳтимоли бор...

6

Ўрни келгандай  айтиш керак: судьялардаги тортинчоқлик, истеҳола, борингки, «оч қорним – тинч қулогим»ни астойдил ҳурмат қилишида тизимнинг катта-кичик раҳбарининг ҳам «ҳисса»си йўқ эмас. Чунки, яқин-яқингача қуйи судларнинг фақат камчиликларини топиш  ва  мажлисларда «обориб-олиб келиш» –  асосий мезон шу эди. Энди вазият ўзгаряпти: камчиликлардан кўз юмилмайди – аниқ, шу баробарида зарур маслаҳат, ҳуқуқий йўл-йўриқ ва албатта уларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашда зарур-чоралар кўриш сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилаётир... Баски, судьялар ҳам ортиқча андишани йиғиштириб, «ўзлигини намоён этиш» вақти етди.

Шундан келиб чиқиб, бўлиб ўтган форумда  «...клуб ташкил этилган хўб яхши бўлди», дея қуруқ лутфдан бошқа гап айтмаган  судьялар танқид қилинган бўлса, муаммоларни кўндаланг қўйганлари ҳақли эътироф этилди.

7

Энди гапни расмийроқ оҳангда тугатсак?

Тадбирда жиноят ишлари судлари судьялар фаолиятида учраётган яна бир қатор масалаларнинг ҳуқуқий ечимлари муҳокама қилинди. Шунингдек, судьялар дахлсизлиги таъминланишининг самарали механизмлари, Судьялар одоб-ахлоқ кодексига қўшимча ва тушунтиришлар бериш зарурияти юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Яна бир гап. Олдинда Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар клубининг худди шундай яна форуми  кутиб турибди. Унда маъмурий судлар судьялари фаолияти, улар дуч келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари таҳлил қилинади.

Бу ҳақдаям гаплашамиз, насиб...

Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг