Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Судьяларнинг «ичида гап кўп», бироқ...

Судьяларнинг «ичида гап кўп», бироқ...

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар клубининг форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда катта-кичик ахборотлар берилган бўлса-да, яна икки оғиз  сўз айтишга эҳтиёж бордай...

 1

Аслида-ку, тез-тез йиғилиш ўтказишга кимда тоқат бор дейсиз?! Клуб аъзоларининг-ку (яъни судьяларнинг), қўяверинг. Шундоғам иши бошидан ошиб ётибди уларнинг (айниқса, фуқаролик ишлари бўйича судларда!)! Бироқ шиддат билан ўзгараётган даврда ўзаро мулоқот қилиб, фикр алмашмасликнинг иложи ҳам йўқ. Шундан келиб чиқиб,  Судьялар клуби ўз аъзолари учун махсус электрон платформа жорий қилдики, ҳуда-беҳуда йиғилишга ҳожат йўқ, мана, виртуал мулоқот майдони,  иш юзасидан кимнинг қандай фикри, нима дарди бўлса – бемалол ўртага ташласин, улар ўрганилади, муҳокама қилинади, умумлаштирилади. Хулоса қилинадиган пайтда бирров кўришиш қочмас...

Бўлиб ўтган форум  аслида шу - «бирров кўришиш»дир.

Шундаям клубнинг ҳамма аъзолари Тошкентга йиғилмади: пойтахтдагилар -  ҳаммаяммас, фақат клубнинг масъул аъзолари - Кенгаш биносида, вилоятдагилар видеоалоқа  орқали қатнашди.

Анча-мунча гаплар йиғилиб қолган экан-да...

2

Клубнинг онлайн платформаси ишга туширилганига ой тўлмай унда нақ 375 та мавзу  муҳокама қилиниб, 1644 та муносабат қолдирилгани судьяларнинг «ичида гап йиғилиб” қолганини кўрсатганди.

Ўтган саккиз ойда эса биргина фуқаролик ишлари бўйича  суд амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари, казуслар ва тушунтиришлар бўйича 253 та мавзу муҳокама қилинибди.

Муҳокамаларда асосан меҳнат, мулк ва уй-жой, шунингдек, алимент, етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундиришга оид низоларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ҳуқуқий ечимлари, бу борада Олий суд Пленуми қарори шаклида раҳбарий тушунтиришларга бўлган эҳтиёж ва қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар ўртага ташланган.

3

Хўп, судьялар шунча масала кўтараётган экан,  клуб нима қилиб бераолади?

Ўзбекистон Судьялар клуби - моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар бериш ваколатига эга жамоатчилик тузилмаси. Ҳа, унинг тушунтиришлари – тавсиявий характерга эга, илло мажбурий эмас. Йўқса, судьяларнинг мустақиллиги қаерда қолади?!  

Иккинчидан, клубда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўллаш юзасидан сўровларга тушунтириш бериш ваколати ҳам бор. Буниси энди жиддийрооқ. Зеро,  судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексида  ҳар бир судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган қоидалар белгиланган.

Форумда мазкур ҳужжатга қўшимчалар киритиш ва белгиланган қоидаларни шарҳлаш зарурияти борлиги ҳам айтилди.

4

Баёнлардан форум  жонли, баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтгандай туюлиши мумкин. Дарҳақиқат, шундай. Аммо «бир ҳовуч» судьяларнинг фаоллиги билангина  самарадорликни ошириш қийин. Шу боис  клубга аъзо судьяларни яна-да фаол бўлишга чақирилди. Айтилдики, меросга оид низолар бўйича «брак»ка чиқаётган  суд қарорлари оз эмас. Уйга киритиб қўйишга оид низолар хусусида гап шу. Яна шундай  суд қарорлари бор – қонуний, аммо ижро этишнинг имкони йўқ...

Шу ва шу каби ҳолатларда ўзаро мулоқот, маслаҳат-у машварат орқали ечим топилади, ахир?!

5

Клуб электрон платформасида кўтарилган айрим масалалар – судья  ўз фаолиятида дуч келаётган ҳуқуқий жумбоқ. Бунинг суд қарорлари сифатига таъсир этиши эҳтимоли катта. Бироқ бундан фуқаролик ишлари судлар муаммолар гирдобида қолибди-да, деган хулосага бормаслик керак. Кундан кунга десак - лоф бўлар, бироқ йилдан йилга фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг янги-янги қирралари пайдо бўлаётгани бор гап. Шундай экан, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи  қонунларда қандай бўшлиқ бор, уларни бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар билан таққослаганда қанақа номутаносибликлар кўзга ташланмоқда, қайси қонунга қандай қўшимча ва ўзгартириш киритишга эҳтиёж пайдо бўляпти –  булар изчил ўрганиб бориладиган масаладир. Бундай масалаларнинг аксарияти суд амалиётида юзага чиқади.  Шу маънода Ўзбекистон Судьялар клуби ташкил этилиб, унинг электрон платформаси ишга туширилиши юзага келаётган ҳуқуқий жумбоқларга тезроқ ечим топилишида муҳим восита бўлиши билан ҳам аҳамиятлидир.

6

Айтганча, бўлиб ўтган тадбирда фуқаролик ишлари бўйича судлари судьялари фаолиятига оид масалалар муҳокама қилинди. Худди шундай  форум яқин келажакда жиноят, иқтисодий ва маъмурий судлар судьялари билан алоҳида-алоҳида ўтказилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг