Судьялар олий мактабига кимлар ва қандай тартибда қабул қилинади?
2019 йил 6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактаби ташкил қилинган эди. Жорий йил 5 июлда Судьялар олий мактаби магистратурасига 2019/2020 ўқув йили учун қабул жараёнлари бошланди. Алоҳида таъкидлаш керак: 2020 йил 1 январдан бошлаб, Судьялар олий мактабининг 1 йиллик ўқув курсини тамомламаган номзод судьяликка тайинланмайди.
Ушбу таълим муассасасида кимлар ўқиш ҳуқуқига эга?
Магистратурага қабул қилиш фақат судьялик лавозими захирасида бўлган шахслар орасидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан (Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда) белгиланган қабул квоталарига мувофиқ давлат грантлари асосида амалга оширилади.
Олий мактаб магистратурасига 2019/2020 ўқув йилида жами 60 нафар талабгор қабул қилинади (шу жумладан: фуқаролик ишлари бўйича – 15; жиноят ишлари бўйича – 15; иқтисодий – 15; маъмурий – 15 нафар). Магистратурага номзодлар учун қабул 25 июлга қадар давом этади.
Улар томонидан олий мактаб қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:
1) магистратура мутахассислиги ва ихтисослиги номи кўрсатилган ҳолда Судьялар олий мактаби директори номига ариза;
2) олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси ҳамда унга илова;
3) 3.5 x 4.5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат.
Ҳужжатлар тақдим этилаётганда талабгорлар паспортини шахсан кўрсатадилар.
Кириш имтиҳонлари жорий йилнинг 15 август кунидан 25 августига қадар мутахассислик фанларидан (тест) ва чет тилидан (тест) синовлари ҳамда ҳуқуқий мавзуда ёзма иш (иншо) тарзида ўтказилади.
Магистратурага кириш синови умумий бали қуйидагилардан ташкил топади:
- талабгорлар мутахассислик бўйича тест топширишади (50 балл) ҳамда иншо ёзишади (50 балл). Мутахассислик бўйича умумий балл 100 ни ташкил этади.
- талабгорлар чет тили фани бўйича тест топширади (50 балл).
Миллий сертификат ёки халқаро сертификатнинг қуйидаги даражаларига эга бўлган талабгорларга чет тили фанидан синовларсиз максимал балл берилади:
инглиз тили учун – миллий сертификат ёки International English Language Testing System (IELTS 5.5), Testof Englishas a ForeignLanguage(TOEFL IBT 72), Cambridge Assessment English FCE халқаро синов тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
немис тили учун – миллий сертификат ёкиGoethe-Zertifikat, DeutschesSprachdiplom (DSD), TestDeutschalsFremdsprache (Test DAF) халқаро синов тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
француз тили учун – миллий сертификат ёки Diplômed'EtudesenLangueFrançaise (DELF), ТestdeConnaissanceduFrançais (TCF) халқаро синов тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
бошқа тиллар учун – миллий сертификат ёки халқаро синов тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ваундан юқори.
Олий мактаб магистратурасида ўқитиш давлат тилида амалга оширилади. Ўқиш муддати сентябрь ойидан бошланадиган 1(бир) ўқув йилини ташкил этади.
Арслон ЭШМУРОДОВ
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter