Сирдарёлик «хакер» 67 кишининг ҳисобидан пул ўмарди
Бугунги ҳаётимизни ахборот технологияларисиз тасаввур қилиш жуда мушкул. Аммо ҳаётда ҳар бир нарсанинг яхши ва ёмон томони бўлгани каби технологиялар ютуқларидан ғараз мақсад йўлида фойдаланаётган кимсалар ҳам учраб туради.
Айни шундай жиноий қилмишлар учун Жиноят кодексининг «Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар» бобида жавобгарлик белгиланган. Хусусан, компьютер тизимида сақланаётган ёки узатилаётган ахборотни рухсатсиз йўқ қилиб юбориш, тўсиб қўйиш, модификациялаштириш, ундан нусха кўчириш ёки уни қўлга киритиш мақсадини кўзлаб компьютер дастурларини яратиш ёки мавжуд дастурларга ўзгартиришлар киритиш, худди шунингдек, махсус вирус дастурларини ишлаб чиқиш, улардан қасддан фойдаланиш ёки уларни қасддан тарқатиш — энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Борди-ю, ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси нақд.
Боёвутлик Жамшид Жумақулов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам шахсий манфаати йўлида ана шундай жиноятга қўл уриб, бир эмас, икки эмас, нақ 67 нафар кишини чув туширди.
Хўш, қандай қилиб дерсиз?
Аввалига у ўзи режалаштирган «усул»ни синаб кўрмоқчи бўлди. Шу мақсадда 2018 йил 10 январь куни ўзининг «Леново» русумли уяли телефон аппарати орқали Шоҳжаҳон Омонов номидаги +998 9. ...-88-82 рақамидан «Телеграм» ижтимоий тармоғига кириб, бу рақамга ўзининг шахсий профилини очади. Сўнгра тармоққа ўзи юклаб олган «Sexy girls» номли вирус дастурини Жавлонбек Аҳмаджонов номига очилган телеграм рақамига юборади. Оқибатда Жавлонбекнинг телефон аппарати блок ҳолатига тушиб қолади. Кейин Жамшид Жавлонбекка қўнғироқ қилиб, телефонини блокдан ечиб бериш эвазига «CLICK» хизмати ва «PAYNET» тизими орқали юқоридаги ...-88-82 рақамга 17 000 сўм тушириш зарурлигини айтади ва ниятига етади.
Албатта, режа «синов»дан муваффақиятли ўтгач, Жамшид энди каттароқ пул ўмаришга киришади. Бинобарин, юқоридаги усулда секин-аста 20 000 сўм, 30 000 сўм, 50 000 сўм ва 80 000 сўм тарзида Сирдарё ва Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи фуқароларнинг пластик карточкасидаги пулларини ўғирлай бошлайди. Пировардида «қаҳрамонимиз»нинг иштаҳаси очилгандан очилиб, фириб тўрини янада кенгроқ ёйиш ва ўмараётган пуллар салмоғини янада оширишга тушди.
Яъни, 2018 йил 17 март куни Раъно Хайитбоева номидаги уяли телефондан «Телеграм» ижтимоий тармоғи орқали «Sexy girls» номли вирус дастурини Ёрқиной Тешабоеванинг телефонига қасддан юбориб, унинг телефонини ишдан чиқаради. Сўнг «CLICK» хизмати орқали 5 000 сўм пул туширишини айтиб, Ё.Тешабоеванинг пластик картаси махсус ҳимоя рақамини билиб олади. Бироқ 5000 сўм ўрнига Ёрқинойнинг 298 000 сўм пулини яширин равишда ечиб олади. Шу тариқа Наргиза Хуррамованинг 280 000 сўм, Гулбаҳор Яхшибоеванинг 400 000 сўм, Одилбек Усановнинг 290 000 сўмини яширин равишда ечиб олади.
Буни қарангки, 2018 йил 4 апрель куни пойтахтимизда яшовчи Нозимахон Исаеванинг +998 97 ...-...-14 рақами ҳам тўсатдан қулфланиб қолади. Ўша пайтда аёлнинг телефонидан келини фойдаланаётган эди.
Келин бояқиш телефон қулфлангани боис қайнонасининг олдида хижолат бўлиб турган пайтда «Қўнғироқ қилинг» деган «SMS» хабар келади. Шунга кўра, келин бўлмиш ўша рақамга сим қоқади. Нариги томондан эса, гўшакни Жамшид кўтаради.
— Телефонингизни блокдан чиқариб бераман. Фақат ҳисобимда пул йўқ. Пластик карточкангиздан йигирма минг сўм тушириб олсам, кейин чиқариб берардим, — дея аврайди у.
Келинидан бу гапни эшитган соддадил Нозимахон бўлса, тезроқ муаммога нуқта қўйиш мақсадида унинг таклифига рози бўлади. Аммо фирибгар тап тортмай аёлнинг пластик карточкасидан 752 450 сўм пулни ечиб олади-ю, қайтиб унинг қўнғироқларига жавоб бермай қўяди.
Шундан сўнг Ж.Жумақулов «қадами»ни янада катталаштириб, миллионларга қўл уради: Ш.Омонов номидаги рақам орқали Ўктам Жумаевнинг пластик карточкасидан 1 041 000 сўмни ечиб олади. Қисқаси, у 67 нафар фуқаронинг 5 536 043 сўм маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади. Фақат 2018 йил 2 май куни ўзини ИИБ ходимлари қидиришаётганини билиб, жиноят изларини яширишга киришади. Яъни, Гулистон шаҳридаги бозорга бориб, юқоридаги маблағни 5 фоиз чегирма эвазига нақдлаштириб олади. «Леново» русумли уяли телефонини эса, Янгиер шаҳар бозорида нотаниш шахсга 350 000 сўмга сотиб юборади. Бироқ кўп ўтмай, қонун ҳимоячилари уни қўлга олишади.
Тергов ва суд жараёнида судланувчи 17 нафар жабрланувчига етказган 3 310 551 сўмлик зарарни қоплади. Айрим жабрланувчилар эса, 15 000 сўм ёки 20 000 сўмлик зарарни арзимас деб билганлари боис воз кечишди. Шунга қарамай, айбдордан 50 нафар жабрланувчининг фойдасига 2 225 492 сўм зарарни ундириш белгиланди.
Умид қиламизки, Ж.Жумақуловнинг аянчли қисмати компьютер дастурлари ва бошқа ахборот технологиялари билан ишловчи ҳамюртларимизга сабоқ бўлади. Зеро, ғайриқонуний қилмиш ҳеч қачон жазосиз қолмайди.
Отабек Набиев,
жиноят ишлари бўйича Ховос тумани судининг раиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter