Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлиси чақирилди

Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлиси чақирилди

Фото: Сенат ахборот хизмати

2021 йил 26 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисини 2021 йил 30 июль куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

«Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида»ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолияти такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Зайтун мойи ва зайтун меваси тўғрисидаги халқаро битимга (Женева, 2015 йил 9 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция (Тошкент, 2021 йил 15-16 июль) якунларидан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисидаги масала кўриб чилиши назарда тутилган.

Шу билан бирга, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига доир ахборотлари эшитилиши режалаштирилган. Қолаверса, Боёвут, Қарши, Бўстон, Тўрақўрғон, Олот туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг айрим қарорларини ўрганиш натижалари, қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича парламент назоратини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламентини ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш, Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг 2020 йилдаги ва 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ва бошқа масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг