Қотилликда айбланиб, жазо ўтаётган маҳкум «зона»да ҳам одам ўлдириб қўйди
Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бошқармасига қарашли УЯ 64/38-сонли колонияда қасддан одам ўлдиргани учун жазо муддатини ўтаётган андижонлик 54 ёшли маҳкум Мухтор Қўзибоев жазо муддатини ўтаётган бошқа маҳкумни уриб ўлдирди.
«Jahon.uz» интернет нашрининг хабарига кўра, Мухтор Қўзибоев ҳамда Элдор Қуралов Тошкент вилояти Бўка туманидаги УЯ 64/38-сонли манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган бўлишган. Улар ўзаро дастлаб 2013 йилнинг 30 май куни Қашқадарё вилояти Шайхали шаҳарчасидаги УЯ 64/49-сонли қамоқхонасида жазо ўтаётган вақтларида танишишган.
Бўкадаги манзил колонияда бу маҳкумларнинг ўзаро келишмовчилиги кундан-кунга ёмонлашиб бораверган.
Воқеа гувоҳларининг айтишича, Мухтор Қўзибоев телефон орқали бир қиз билан гаплашиб юрган ва бу ҳолатни Элдор Қуралов телефон орқали Мухторнинг хотинига айтган ва ҳақиқий зиддият шунлардан бошланган.
Келишмовчилик натижасида Мухтор Қўзибоев кетмон учун ясалган таёқ билан Элдор Қураловнинг бўйин қисмига уч марта ургани натижасида марҳум Элдор Қуралов вафот этган.
Мухтор Қўзибоев эса ушбу ҳолатдан кейин навбатчи ўтирадиган хонага бориб, навбатчи маҳкум Ш.Абдуқодиров ва У.Зокировга марҳумни ургани ҳақида хабар берган ва телефон орқали муассаса тезкор ходими Ф.М.га ҳам бўлган воқеани айтиб берган.
Жазо муддатини ўтаётган вақтида яна қасддан одам ўлдиргани учун маҳкумга Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «р» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter