Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қўшнингиз телевизор овозини баландлатиб қўйиб, сизга халақит беряптими? Унда...

Қўшнингиз телевизор овозини баландлатиб қўйиб, сизга халақит беряптими? Унда...

Эндигина кўз илинганда қулоқ остида ноғора чалгандек шовқин-сурон бошланса, кимга ёқади?

Фото: «Pikabu»

«Қўшним ярим тунда уйида телевизор овозини баланд қилиб кўриб, бизни дам олишга қўймайди. Эътироз қилсак, ўзимнинг уйим, хоҳлаган ишимни қиламан, дейди. Бунга жавобгарлик борми ўзи?»

Ўринли эътироз, шундай эмасми? 8 соатлик (кимдадир 12 соат) иш вақтидан сўнг ҳар қандай инсон уйига дам олиш мақсадида келади. Аммо эндигина кўз илинганда қулоқ остида ноғора чалгандек шовқин-сурон бошланса, кимга ёқади? Ҳеч кимга.

Аввало, қўни-қўшниларнинг тинчини ўйламаслик, уларга халақит бериш одоб доираларига мутлақо тўғри келмайди. Шундай бўлса-да, орамизда «Ўзим хон, кўланкам майдон», дегувчилар ҳам йўқ эмас. Айнан улар туфайли маҳаллаларда баъзан турли тушунмовчиликлар, етмаганига жанжаллар учраб туради.

Яна шундай фуқаролар борки, қўшниси қанча шовқин солмасин, юзхотир қилиб, унга бир оғиз эътироз билдирмайди, бировга шикоят этмайди. Аслида бу иш ҳам нотўғри. Ахир ҳар бир инсоннинг ўз уйида хотиржам дам олишга ҳаққи бор-ку. Баъзилар бу жумлани хато тушунади. Яъни, «Ўз уйимдаман, истаган вақтим телевизор кўраман, истаганимча овозини баландлатаман», деб ўйлайди. Бу ҳам тўғри, аммо бундай фикрловчиларнинг хоҳиш-истаклари бошқа бировнинг истакларига тўсқинлик қилмаслиги керак. Зеро, бундай ҳолатлар бўйича қонунларимизда ҳам тегишли жавобгарликлар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, тунги вақтда — соат 23.00 дан 06.00 гача — фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш, яъни баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, товуш сигналлари бериш, хонадонларда, тураржойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитофонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш, тураржой биноларида ва улардан ташқарида жуда зарур бўлмаган ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш, шунингдек, маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузувчи бошқа ҳаракатларни содир этиш — фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми, мансабдор шахсларга эса — учдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида, мансабдор шахсларга эса иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Мазкур қонун «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 192-моддасида белгилаб қўйилган.

Албатта, қўни-қўшнилар ўртасида ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат мустаҳкам бўлиши лозим. Шундай маҳаллалардагина тинчлик-осойишталик ҳукм суради, шундай маҳаллалардагина юқоридаги каби дилхираликлар содир бўлмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг