Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қоғозда зўр, ҳаётда... қани, бориб кўр!

Қоғозда зўр, ҳаётда... қани, бориб кўр!

Иллюстратив сурат

Одатдаги даҳмаза: қишлоқ жойларида газ-баллон муаммоси. Навбатдаги муштарий ҳам айни шу масалада ёрдам сўраб, қўнғироқ қилди. Буям мурожаатнинг бир шакли. Зеро: «Мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар мурожаатларнинг турлари ҳисобланади.  Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга бўлади» («Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун, 5-модда).

Ушбу мурожаат сабаб 29 ноябрь куни «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг «Мурожаатлар билан ишлаш бўлими»га бордим. Эшик ёнида турган йигитга ўзимни таништирдим.  Сўнг унга вазиятни тушунтирдим: С.М. исмли  фуқаро  шикоят қилган экан, деб унинг мурожаати нечанчи рақам остида ёзиб қўйилганигача айтиб, натижаси ҳақида сўрадим. Ўзини таништирмаган, аммо ўша ерда ишлайдиган йигит унинг аризасига келган жавобларни тезда топиб кўрсатди. Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалининг бошлиқ ўринбосари А.Харинов «Маиший газ баллон бериш шартномаси тузилган ва таъминланган» дея жавоб хатини аризачига ва «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятига жўнатган экан. Бироқ у ёқда аризачи ҳанузгача туман газ таъминотига ҳужжатларини топшириб қўйган бўлса-да, газ баллон бермаётганлигидан нолиб ўтирибди... Аён бўлдики, А.Харинов бу ёқда раҳбар ташкилотни, у ёқда фуқарони  алдаб, ёлғон ахборот берган экан!

Йигитдан мазкур жавоб хатидан бир нусха беришини сўрадим. Йигит  деворга осилган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунга ишора қилиб, унинг 19-20-21-моддаларига асосан жавоб-хатдан нусха беролмаслигини, бунинг учун расмий хат қилиб келишимни таъкидлади. Нега? Тартиби шунақами?

19-моддани ўқиймиз: «Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ва, агар бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборотнинг давлат органлари, ташкилотлар ходимлари ва улар мансабдор шахслари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Жисмоний ва юридик шахс тўғрисидаги, мурожаатга тааллуқли бўлмаган маълумотларни аниқлашга йўл қўйилмайди. Жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги керак».

Бу ерда ҳеч қандай давлат сири йўқ-ку! Ёки мен сўраётган жавоб хати кимнинг эркинлиги ёки ҳуқуқига дахл қилиши мумкин? Ажаб...

Энди 20-моддани кўрайлик: «Жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат этганлиги, шунингдек мурожаатларда ўз фикрини билдирганлиги ва танқид қилганлиги муносабати билан таъқиб этиш ман этилади».

Бу ерда ҳеч ким бирор кишини таъқиб этаётгани йўқ! Муаммога ойдинлик киритмоқчи, холос! 21-модданиям кўриб чиқдим. Бироқ шу моддада ҳам журналист фаолиятига тааллуқли бирор-бир жумлани кўрмадим.

Мен йигитга «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни (5-модда) пеш қилдим. Чунки унда  журналист фаолияти жараёнида  ахборотни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ва тарқатиш каби қатор ҳуқуқларга эга экани аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган-да. Бироқ таъсир этса, қани?! «Мен журналистман. Сизга оғзаки мурожаат қиляпман. Оғзаки мурожаат ҳам ёзма билан баравар аҳамиятга эга», десам ҳам пинагини бузмади. Унга гап уқтириш бефойда эди. Чунки мурожаатлар билан ишлаш бўлимининг масъули бўлишига қарамай кимлигини айтмаган инсондан нимани кутиш мумкин? Мен ундан қонунан тақиқланган маълумотни сўрамадим-ку?! Шунчаки фуқарога берилган жавоб хатидан нусха олмоқчи эдим. Жавобки, қуруқ гап, ёлғон маълумотдан иборат!

Жавоб хатида тизимдаги кўзбўямачиликнинг кичик қирраси акс этганини ким билмайди, дейсиз? Туманларда газ баллон ололмай сарсон-саргардон бўлаётганларни-чи?! Мутасаддилар реал воқеликдан кўра, жимжимадор ҳисобларга тўла қоғозга ишонишади! Қоғоз эса нималарни кўтармайди, дейсиз. Балки, шу боис оддий хатдан нусха беришга чўчиб, турли важ-карсонлар кўрсатгандир «Ўзтрансгаз»нинг фуқаролар билан ишлаш бўлимидаги ўзини таништирмаган йигит?!

Хонбиби Ҳиммат қизи,
журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг