Ўзбекистон Шанхай адлия идора ва компаниялари билан юридик хизматлар кўрсатиш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилади
Адлия вазирлиги делегацияси Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти маконидаги ҳуқуқий хизматлар бўйича форумда иштирок этди. Тадбир Хитой Халқ Республикаси Адлия вазирлиги томонидан жорий йил 25-26 сентябрь кунлари ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Форум ШҲТга аъзо мамлакатлар адлия вазирларининг навбатдаги Мажлиси арафасида ташкил этилди. Бу ШҲТ мамлакатлари ўртасида ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорликнинг янги ташаббусларини муҳокама қилиш учун ўзига хос имконият бўлди.
Форум доирасида адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқуловнинг Хитой Халқ Республикаси адлия вазири Фу Чжэнхуа билан амалий учрашуви бўлиб ўтди.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва ХХР Адлия вазирликлари ўртасидаги иккитомонлама ҳамкорликни ривожлантириш, кўп томонлама форматлар, жумладан ШҲТ аъзо мамлакатлари Адлия вазирликлари мажлиси платформаси доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича фикр алмашди.
Улар юридик хизматлар соҳасини биргаликда ривожлантириш, ҳуқуқий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш ва бошқа йўналишлар бўйича тажриба алмашишдан манфаатдор эканини билдирди.
Форум доирасида адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқуловнинг Туркия Республикаси Адлия вазири ўринбосари Угурхон Кус билан ҳам амалий учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида томонлар икки давлат идоралари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳолати, бир қатор йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Бундан ташқари, адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов Шанхай политехника фанлари ва ҳуқуқ университети(SHUPL) ректори Лю Сяохун билан амалий учрашув ўтказди. Улар Тошкент давлат юридик университети ва Шанхай политехника фанлари ва ҳуқуқ университети ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
1984 йилда ташкил этилган Шанхай политехника фанлари ва ҳуқуқ университети асосий юридик йўналишлар бўйича бакалавр, магистр ва докторантларни тайёрлайди. Шу билан бирга университет сиёсат, иқтисодиёт, социология, бошқарув, тил ва адабиётдан ва бошқалардан иборат йўналишлараро таълим тизимига эга. Айни пайтда университет кампусида 10 мингдан зиёд, шу жумладан чет эллик талабалар таҳсил олмоқда.
ТДЮУ ва SHUPL бир неча йилдан буён ўзаро ҳамкорлик олиб бормоқда. Бундан аввал университетлар раҳбарияти ва ўқитувчиларининг ўзаро ташрифлари бўлиб ўтган.
Шанҳайга ташриф доирасида делегация Хитой Халқ Республикасининг аҳолига нотариал хизматлар кўрсатиш, нотариат институти самарадорлигини оширишнинг янги усуллари ва соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш жараёнини ташкил қилиш бўйича илғор тажрибасини ўрганиш мақсадида Шанхай шарқий нотариал органига ташриф буюрди. Ўзбекистон нотариат тизимидаги ўзгаришлар Хитой Халқ Республикаси вакилларида катта қизиқиш уйғотиб, улар ўзгаришларни юқори баҳолади.
Ташриф доирасида делегация Шанхай суд экспертизаси академияси фаолияти билан танишди. Академия йўл ҳодисалари оқибатларини ўрганиш, криминалистик тадқиқотлар, биологик, токсикологик, тиббий, руҳий, паталогик экспертиза каби соҳаларда суд экспертизасини ўтказиш билан шуғулланади. Қолаверса, академия суд экспертизаси соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқади, чуқур тадқиқотлар олиб боради ва илмий журналлар чоп этади.
Таъкидлаш жоиз, Х.Суламонова номидаги Суд экспертизаси маркази ва Шанхай суд экспертизаси академияси ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси «Allbright law offices» юридик компаниясининг бош офисига ташриф буюрди.
Ушбу компанияда 2,6 мингдан зиёд тажрибали юристлар фаолият юритади. Улар компания мижозларига глобал миқёсда юридик хизматлар кўрсатади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter