«Ўқишни кўчириш» 4000 АҚШ доллари? Йўғ-е...
Яқин хорижда таълим олаётган ёшларга таҳсилни Ўзбекистонда давом эттириш имконияти ҳавола этилгани ҳамоно бундан «унумли» фойдаланиб қолиш пайига тушган шоввозлар пайдо бўлди. Уларга кўра, ўқишга кирмаган ёки киролмаган айрим ёшларни бир зарбда талабага айлантириб қўйиш мумкин. Яъниким, қўшни давлат олий ўқув юртидан «Фалончиев(а) шу даргоҳ талабаси» деган бир парча сохта ҳужжат олиб, шунга асосан ростмона талабага айлантирилади. Текинга эмас, албатта.
Самарқанд иқтисодиёт институти декан ўринбосари Ш.И шундай «хизмати»ни 4000 АҚШ долларига баҳолади. Унингча, ўзига мурожаат қилган С.А.нинг жиянига Қозоғистон Республикасининг олий ўқув юртида гўёки ўқиётганлиги ҳақида ҳужжат «тўғрилаб», таҳсилини Самарқанд иқтисодиёт институтига кўчириш мумкин.
- Тўрт минг доллар? Кўп эмасми?
- Хоҳласангиз шу...
С.А. хоҳламади ва тўғри тегишли органга мурожаат қилди. Натижада Бош прокуруратура ҳузуридаги департамент ва ДХХ ҳамкорликда ўтказган тадбирда декан ўринбосари қўлга олинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дея «Xabar.uz»га маълум қилмоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter