Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ноқобил қайнука келинойисининг қотилига айланди

Ноқобил қайнука келинойисининг қотилига айланди

Иллюстратив фото

1992 йилда туғилган Неъматнинг қўрс, баджаҳл эканлигидан ота-онанинг дарди ичида эди. Акаси уйланишида ўсмир йигитча бўлган Неъматнинг келинчакка қилган қўполликларини «бўйдоқчилик»ка йўйишди. Аммо не-не ишлар ўтдики, боланинг руҳияти жойидами, уни текширтирсак қандай бўларкин, деган ўй бировнинг хаёлига келгани йўқ. Алал-оқибат...

Неъматнинг можаролари биргина келинойиси билан эмасди, аммо негадир алами ундан олинарди. Шу тариқа йиллар ўтди. Совуқ муносабатлар, жанжаллардан безган ота-она ўғли ва келинини ҳали битмаган уйга кўчириб қўйишди. «Бу ёғини аста-аста битказиб оласизлар, — дейишди уларга. – Биз ҳам тинчроқ ўтирайлик, болам. Неъматни ҳам уйлантирармиз, зора қуйилиб қолса...»

Шундан кейин ҳам Неъмат тинчигани йўқ. Келинойисининг қўлида бола, камига ҳомиладор эканига қарамай кун-кунора уларникига бориб, «отишиб», уришиб келар, онамни хизматини қилмадинг, дея тўполон кўтарарди.

Келин шўрлик орада бориб қайнонасиникида хизмат қилар, бу ёқда янги уйнинг тупроққа беланган меҳнату машаққати бўшатмасди уни.

Нафрат, ғараз Неъмат тинч қўймади барибир. Аввалига акасига қўнғироқ қилиб, гўёки онасининг тоби қочгани, ўғли билан етиб келишини айтди. Сўнг қўйнига пичоқ яшириб, келинойиси билан «ҳисоб-китоб» қилишга шошилди.

Кузнинг совуқ куни. Ҳовлида кир чайиб ўтирган келинойисининг қўлидан судраб, уй ичига тортаркан, Неъмат ғараз ниятини яширмади: «Сени ўлдирмагунимча тинчимайман!»

Даҳшатга тушган аёл қайнисининг чангалидан чиқиб кета олмади. Ялиниб-ёлворишлари ҳам беҳуда кетди. Неъмат ожиз, ҳомиладор аёлга ўн беш маротаба пичоқ урди!

Аёл олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этди.

...Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси руҳий касалликлар клиник шифохонаси хулосасига кўра, Н.Зариповда «бредового расстройства» («васвасага тушиш») касаллиги аниқланади. У ижтимоий хавфли қилмишни содир этган вақтида ўз ҳаракатларини идрок қила олмайдиган даражада руҳий носоғлом бўлган. Унга нисбатан Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида интенсив назоратда, мажбурий тартибда даволаниш тавсия этилди.

Суд иш бўйича мутахассис ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосаси ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далилларни ўрганиб чиқиб, Н.Зариповнинг одам ўлдиришда ифодаланган ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо холатда содир этган деб ҳисоблаб, унга нисбатан жиноят ишини тугатиш ҳамда тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси тайинлашни лозим топди.

Инсон табиатидаги важоҳат, унинг йиллар давомида ўзгармаслиги ҳар қандай ота-онани ҳушёр торттирмоғи лозим, албатта. Шу маънода Неъматнинг оиласи ҳам бепарволикка берилмаганида, болани ўз вақтида даволатиш чораларини кўришганида...  у икки яқини – келинойиси ҳамда ҳали туғилмаган жиянининг қотилига айланмаган, икки инсон бевақт ҳаётдан кўз юммаган бўлармиди?

Фарзанд тарбияси, камоли ва албатта саломатлиги йўлида яна ҳам зийракроқ ва масъулиятлироқ бўлмоғимиз шарт, токи, юқоридаги каби фожиалар рўй бермасин. Зеро, оиладаги муҳит, фарзанд тарбияси ота-онанинг ёки саодати, ёки мусибатидир.

Акрамжон Арипов,
жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди бўлими бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг