Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Муродбой иши» бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари ниҳоясига етди

«Муродбой иши» бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари ниҳоясига етди

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Ўзбекистон ДХХ Тергов бошқармаси томонидан тергов қилинган Аҳмаджон Турсунбоевга нисбатан жиноят ишидан алоҳида иш юритувига ажратиб олинган, халқ орасида «Муродбой» номи билан танилган Мирзамурод Юнусалиевга нисбатан жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари ниҳоясига етди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти маълум қилди.

2017 йил май ойидан қидирувда бўлган Мирзамурод Юнусалиев 2019 йил 27 апрелида қўлга олинган. Шундан сўнг, у қидирувдалиги боис ҳаракатдан тўхтатиб қўйилган жиноят иши қайта тикланиб, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг иш юритувига қабул қилиб олинган.

Тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, Мирзамурод Юнусалиев 2016 йил январида «Эркин Авто Диллер» номли масъулияти чекланган жамиятни таъсис этиб, фуқароларнинг мол-мулкини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш мақсадида, мазкур жамият фаолиятини ниқоб қилган ҳолда «молиявий пирамида» деб номланувчи иқтисодий тузилма ташкил этган.

У бу тузилмага ўзининг 10 га яқин жиноий шерикларини жалб қилиб, улар ёрдамида 6636 та ҳолатда 4000 нафарга яқин фуқароларни автотранспорт воситалари, кўчмас мулк объектлари ва нақд пулларини бир йил ёки 10 ой давомида икки баробар қилиб қайтариш ҳақида ёлғон ваъдалар бериб, фуқароларнинг жами 26,87 миллион доллар ва 18 миллиард сўм миқдордаги пул ва бошқа мол-мулкларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Жиноят иши юзасидан Тошкент вилояти Чиноз, Янгийўл, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида тергов гуруҳи штаблари ташкил қилиниб, жабрланувчиларни терговга жалб қилиш чоралари кўрилган. Жиноят иши бўйича қарийб 8 миллиард сўмлик 18 та кўчмас мулк объектлари (уй, чойхона, дўкон биноси, нотурар бино ва иншоотлар) хатланган. Фуқароларга тегишли 85 та енгил автомашиналар ашёвий далил тариқасида олинган. Ушбу автомашиналарнинг барчаси белгиланган тартибда баҳоланиб, ўз эгаларига қайтарилган.

Жиноят иши бўйича Мирзамурод Юнусалиев ва унинг жиноий шерикларига эски таҳрирдаги Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари билан айб эълон қилиниб, қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, судга юбориш чоралари кўрилмоқда.

1984 йилда Чиноз туманида туғилган Мирзамурод Юнусалиев ҳам 2015 йилга қадар чинозлик Аҳмадбойнинг югурдакларидан бўлган ва халқ орасида Муродбой номини олган эди. 2019 йил ёзида ИИВ Муродбойдан жабрланган фуқароларга мурожаат қилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг