Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мол-мулкка тақиқ қўйилганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади

Мол-мулкка тақиқ қўйилганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади

Ҳукуматнинг жорий йил 22 августдаги тегишли қарори билан Бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулклар электрон маълумотлар банкини шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 октябрдан «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб (хатлаб) қўйилганлиги, шунингдек тақиқлаб (хатлаб) қўйиш бекор қилинганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади.

Маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритишда:

  • жисмоний шахснинг шахсига оид ва автомототранспорт воситаларига оид маълумотлар – Ички ишлар вазирлиги;
  • юридик шахсга оид маълумотлар – Адлия вазирлиги;
  • кўчмас мулкка оид маълумотлар – Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги;
  • қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига оид маълумотлар – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси;
  • аттракционлар ва кўтариш иншоотлари (минора кранлари)га оид маълумотлар – Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси;
  • кемаларга оид маълумотлар – Транспорт вазирлиги;
  • кичик ҳажмли кемаларга оид маълумотлар – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг электрон ахборот тизимлари орқали реал вақт режимида амалга оширилади.

Электрон маълумотлар банки давлат тилида шакллантирилади ва юритилади.

Нотариус электрон маълумотлар банки орқали мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиши ва тақиқни бекор қилиши мумкин.

Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш, шунингдек, уни бекор қилишда тўлов ундирилмайди.

Мурожаатга асосан электрон маълумотлар банкида мавжуд маълумотлар нотариус ва (ёки) нотариал архив мудири томонидан тўғридан-тўғри ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали ёхуд E-notarius.uz ахборот портали орқали тақдим этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг