Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мадина Мухторованинг ўғлига оид жиноят иши «яраш-яраш» билан якунига етди

Мадина Мухторованинг ўғлига оид жиноят иши «яраш-яраш» билан якунига етди

Шу йилнинг бошида таниқли актриса Мадина Мухторованинг кенжа ўғли М.Алимжанов акаси С.Мухторов томонидан калтаклангани оид хабарлар яхшигина шов-шув келтириб чиқарганди. Кейинроқ актриса оиласи томонидан бу ҳолат инкор этилиб, гўёки ҳаммаси  шунчаки «саҳна кўриниши» бўлгани, хонадони тинч ва осуда экани ҳақида тармоқларга кетма-кет лавҳалар жойлаганди. Бироқ бу пайтга келиб, ғишт қолипдан кўчган - Мухторованинг ўғилларига оид вазият Ички ишлар вазири ўринбосари шахсан назоратига олиб бўлганди. Натижада кўп ўтмай ҳолат юзасидан ЖКнинг (Жиноят кодекси)109-моддаси 2-қисми (соғлиқнинг қисқа вақт, яъни 6 кундан ортиқ, аммо 21 кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш)га асосан жиноят иши қўзғатилганидан ўқувчиларимизнинг хабари бор.

Бир ҳафта бурун жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Мухторовларга оид жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди.

Унга кўра, дастлабки терговда жараёнида тўнғич ўғли С. Мухторовга қўшиб, актрисанинг ўзи ҳам Жиноят кодексининг 109-моддаси («Қасддан баданга енгил шикаст етказиш») 2-қисми билан гумонлангани ойдинлашади.

Бироқ воқеалар ривожи уларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши билан якунланмади.

Гап шундаки, М. Мухтарова ва С. Мухтаров ярашув тўғрисида ариза тақдим қилиб, қилмишларидан пушаймонлиги, бунинг оқибатларини англаганликлари, шунингдек, жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаб, ҳозирда ярашиб олганликларини билдириб, жиноят ишини тугатишни сўраган.

Ўз навбатида жабрланувчи томон ҳам (қонуний вакиллари иштирокида) ярашувга қарши эмаслиги, ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, ярашув суд томонидан тасдиқланганидан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни тушунганини айтиб, жиноят ишини тугатишни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 66-1-моддаси (ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавогарликдан озод қилиш)га мувофиқ, 109-модданинг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлган бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Шунга кўра жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди судьяси Э. Шамсутдинова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми би­лан гумон қилинувчи М. Мухтарова ва С. Мухтаровларга нисбатан жиноят иши ярашилганлиги муносабати билан тугатиш ҳақида ажрим чиқарди.

Шунингдек, жабрланувчи ва унинг қонуний вакили ҳамда фуқаровий даъвогарга ушбу иш бўйича иш юритиш­ни қайта тиклаш юзасидан илтимоснома бериш ҳуқуқи йўқолганлиги ҳам тушунтирилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг