Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кимдир ўқ, кимдир тилла билан...

Кимдир ўқ, кимдир тилла билан...

Фото: «Xabar.uz»

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида навбатдаги божхона қоидабузарликлари фош қилинди. Бу гал қонунбузарлар ўқ-дори ва тилла тангаларни божхона назоратидан яширинча олиб ўтишга уринишди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддасига биноан контрабанда, яъни божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб, декларациясиз ўқ-дориларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

«Тошкент-Аэро» ИБК Ахборот хизматининг маълум қилишича, «Москва-Тошкент» рейси бўйича парвозини якунлаган Россия Федерацияси фуқароси Б.М. божхонадан яшил йўлак орқали бамайлихотир кириб келади. Аммо бу аёл аслида ўзига тегишли багажида 1 дона жанговар ҳолатдаги 7,62 мм. калибрли патрон ва худди шу патрон учун мўлжалланган 1 дона ўқни яширинча олиб кирмоқчи бўлган экан.

Патрон ва ўқни шунчаки сувенир ёки омад келтирувчи тумор сифатида ёнида олиб юришини маълум қилган Б.М. бу нарсалар унга омад эмас, ташвиш келтирганини энди тушуниб етган бўлса, ажаб эмас.

Шунингдек, «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси «Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти» чегара-божхона пости ходимлари тилла тангаларни республикамиздан олиб чиқишга бўлган уринишни ҳам бартараф этишди.

«Москва-Тошкент» рейси бўйича парвозга отланган фуқаро Н.Ф. божхонадан қизил йўлак орқали ўтар экан, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам, йўловчи божхона декларациясида ҳам ёнида олиб чиқиш таъқиқланган товарлар йўқлигини маълум қилган.

Аммо, унга тегишли багажнинг назорат-рентген аппаратидаги шубҳали тасвирлари буни тасдиқламади. Шундан сўнг, багаж холислар иштирокида очиб кўрилганда, ушбу шахс нонлар орасига бекитганча 2 дона умумий оғирлиги 8.6 гр. бўлган тилла тангаларни божхона назоратидан яширинча олиб чиқмоқчи бўлганлиги фош бўлди.

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги қошидаги Бадиий экспертиза бошқармаси хулосасига кўра, ушбу тангалар XIX асрнинг охирларида Чор Россиясида зарб қилинган тангларнинг асли эмас, балки нусхаси бўлиб чиқди. Шунга қарамай, тангалар характеристикасида нумизматика предметлари бўлганлиги сабабли уларни олиб чиқишдан аввал Бадиий экспертизага тақдим этиш лозим эди. Мазкур тангаларнинг тахминий баҳоси 3 млн 220 минг сўмга баҳоланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг