Жиззахда ёш она мудҳиш жиноятга қўл урди
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида ёш она икки ёшга ҳам тўлмаган фарзандини ўлдириб, сўнгра ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, мудҳиш ҳодиса жорий йилнинг 6 май куни соат 12:40 ларда «Раваллиқ» маҳалласи Ҳасанкал қишлоғида содир бўлган.
Мазкур қишлоқда яшаган 1998 йилда туғилган келин Ш.Х. ўзи яшаган уйи ҳовлисида жойлашган ҳожатхона тўсинига ўзини осиб, жонига қасд қилган.
Ҳолат масъуллар томонидан ўрганилганда келин аввал фарзанди А.О.ни ўлдириб, сўнг ўзини осгани аниқланган. 2022 йилда туғилган гўдак А.О.нинг қорин соҳасига 2 марта ошхона пичоғи билан санчилган ҳолатда жасади топилган.
Ўрганиш давомида Ш.Х. шу манзилда яшовчи турмуш ўртоғи Ш.Н.га қўнғироқ қилиб, ўз жонига қасд қилаётганлигини маълум қилган. Ш.Н. шу маҳаллада яшовчи амакисига қўнғироқ қилган. Амакиси Ш.Н.нинг яшаш уйига борган вақтида эса аянчли воқеа содир бўлиб бўлган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ўрганиш ишларини давом эттираётгани айтилган.
Аёл нима сабабдан бу жиноятларга қўл ургани ошкор қилинмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter