Жазо кучайтирилмоқда
Бола ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун Сенат томонидан маъқулланди.
Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мамлакатимизда устувор вазифалардан бири эканига эътибор қаратилди.
«Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни муҳокама қилиш жараёнида болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ва ҳуқуқий асослари тубдан такомиллаштирилгани қайд этилди.
Хусусан, жиноят қонунчилигида вояга етмаганларга нисбатан инсонпарварликни кучайтириш мақсадида жиноий жавобгарликка тортиш ёшини ўн уч ёшдан ўн тўрт ёш этиб белгиланмоқда.
Шунингдек, вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилиш муддатлари аниқ белгиланиб, жиноят-процессуал қонунчиликда вояга етмаган жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи ёки айбланувчини сўроқ қилишда психолог иштирок этишини таъминлаш назарда тутилмоқда.Вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, шу жумладан болаларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар учун белгиланган жазо чоралари кучайтирилмоқда.
«Бу борада эришилган натижалар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланиши баробарида, халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда, – деди Сенат раиси Т.Норбоева. – Ушбу йўналишдаги тизимли ишлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, бола ҳуқуқларини таъминлашда қонун нормаларини қатъийлаштиришнинг ўзи кифоя қилмайди. Мазкур масалада жамият фаоллиги ва масъулияти ниҳоятда муҳим. Зеро, бир болага етти маҳалла ота-она, деган нақл бекорга айтилмаган», – дейди Сенат раиси Танзила Норбоева.
Мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter