Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жарқўрғонда жар солган ҳоким ёки «...судьяда бор аламим маним!»

Жарқўрғонда жар солган ҳоким ёки «...судьяда бор аламим маним!»

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Суд раисларининг «эсини киритиб қўйиш» бобида Ғузор тумани ҳокими (эндиликда собиқ) С.Бобоқулов Жарқўрғон ҳокими З.Давлатовдан «ақллироқ» эканми, дейсан-да.

Биласиз, С.Бобоқулов Ғузорни идора қилиб турган пайтида, туманлараро суднинг «қулоқсиз» раисини «жазолаш» ниятида, у билан телефондаги суҳбати аудиосини интернетга чиқариб юборганди. Бироқ воқеалар ривожи кутганидан аксинча кечиб, шарманда бўлгани қолди ва кўп ўтмай ишдан кетди (тўғри, ҳоким «саломатлиги туфайли» вазифасидан олингани айтилди, аммо кўп ўтмай вилоят миқёсидаги масъул лавозимга тайинландики, бу унинг ишдан кетишига асос бўлган аргументни шубҳа остига қўйиши баробарида «султон суягини хўрламас» мақолини ҳам ёдга солади!).

Думбулликнинг бундан ортиғи йўқ аслида, бироқ шуям Жарқўрғон туман ҳокими З.Давлатовнинг хурмача қилиғи олдида ҳолва бўлиб қолди-да.

Гапнинг индаллосига кўчсак, «Жарқўрғон воқеаси» бўйича суриштирув ўтказган «Xabar.uz» ҳокимнинг судьяларни қасддан обрўсизлантиришга  қилган хатти-ҳаракати адоватдан бошқа нарса эмас, деган хулоса келди.

Нега?

Чунки, Жарқўрғон туман маъмурий суди ҳокимнинг бир неча қарорларини бекор қилиб, ҳатто унга нисбатан хусусий ажрим ҳам чиқарган экан. Рост-да, туман ҳокимларининг судьялар билан қачон йўллари кесишади?! Қачонки, ҳоким чиқарган қарор(лар) суд томонидан бекор қилинганда ёхуд суд ҳокимга муайян мажбурият юклаганида! Бошқа пайтда бир-бири билан иши йўқ, зеро, суд мустақил орган, илло, маҳаллий ҳокимликнинг тармоғи эмас.

Воқеликка босиброқ қаралса, ҳоким «асосий эътиборини» туман маъмурий суди раисига (аёл киши!) қаратади. Яъниким, блок-постда айнан унинг хизмат машинасига шахсан ёпишади, «суднинг машинаси ўтмайди!» дея бақириб, автоуловнинг орқа эшигини очади ва у ерда ўтирган маъмурий суд раисини уяли телефонига «запись» қилиб, шу атрофидагиларга «мана, кўриб қўйинглар, судьянинг ўзи карантин қоидаларини бузяпти?!», дея жар солади?! Қандай аянчли манзара, шундай эмасми?! Айниқса, туманга бош бўлган раҳбар учун?! Шунга қарамай воқеликка гувоҳ бўлган туман ИИБ бошлиғи ва прокурор (!) айтмайдики, ҳоким бува, ўпкангизни босинг, биринчидан, суднинг хизмат машинасига ҳатто қўл теккизишга ҳаққингиз йўқ, иккинчидан, карантин муносабати билан махсус комиссия киритган чекловлар судларга тааллуқли эмас, деб... Аксинча, прокурор томошабинликдан нарига ўтмаган бўлса, ИИБ раҳбарлари «эстафета»ни давом эттириб, ҳайдовчига куч ишлатиб, жароҳат етказади, камига маълум вақт «обориб тиқиб» қўяди — бу энди алоҳида мавзу.

Асосий гапга қайтсак.

Қўлга киритган маълумотларимизга кўра, шу йилнинг 9 июнь куни туман маъмурий суди томонидан ҳоким З. Давлатовнинг бир эмас, иккита «иши» кўриб чиқилади. Биринчиси, тумандаги «DUSAN BOBO» фермер хўжалиги аризаси суд томонидан қисман қаноатлантирилиб, якунда ҳокимга ўзининг ноқонуний қарорини бекор қилиш мажбурияти юкланади. Гап шундаки, ҳоким 2018 йилнинг 29 декабрь куни 2052-сонли қарори билан фермер хўжалиги фойдаланувидаги ер майдонларини олиб қўяди ва бошқага бериб юборади. Мазкур қарор иқтисодий суд томонидан бекор қилинган бўлса-да, ҳоким суд қарорини бажаришдан очиқдан-очиқ бош тортади (ажаб, туманда Мажбурий ижро бюроси деган орган йўқмикан?!). Натижада фермер туман раҳбари ҳаракатсизлигидан норози бўлиб, маъмурий судга мурожаат қилади... Айни пайтда туман маъмурий судининг ҳокимга ўз ноқонуний қарорини бекор қилиш мажбурияти юклатилган қарори қонуний кучда. Бироқ ижро ҳамон «дам еб» ётибди...

Кўрилган иккинчи маъмурий ишда ҳокимнинг 2018 йил 12 декабрь кунги 2331-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилади. Ҳолатни очиқласак, ҳоким мазкур қарори билан «Жануб мева сабзавот экспорт» МЧЖга тегишли иншоотни ер майдонларига қўшиб, бир фуқаро эгалигига том маънода инъом қилиб юборган экан. Эътиборлиси, ушбу қарор ноқонуний бўлгани учун туман прокуратураси ўз вақтида протест беради. Бироқ прокурор протести ҳоким томонидан ҳеч қандай асосларсиз рад этилади. Шундан сўнг масала суд тартибида кўрилади ва тадбиркорлик субъектининг бузилган ҳуқуқлари тикланади.

Шу ўринда яна бир эътиборли ҳолат бор. «Жануб мева сабзавот экспорт» МЧЖ низога сабаб бўлган жойда катта ишлар қилишни режалаб, 406000 АҚШ доллари (!) қийматидаги асбоб-ускуналар сотиб олган, мўлжал 80 та иш ўрни яратиш эди. Ҳокимнинг ноқонуний қарори шундай хайрли ишларга тушов бўлди, холос. Яна битта эътиборли ҳолатки, ҳокимнинг ноқонуний қарори замирида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишдек жиноят аломатлари борлиги сабаб суд алоҳида хусусий ажрим чиқариб, Сурхондарё вилояти прокуратурасига юборади ҳатто. Хусусий ажрим тақдири нима бўлди — буям катта савол. «Жарқўрғон воқеаси» юзасидан текшириш бошлаган вилоят прокуратураси якунда шунга ҳам жавоб берар балки?!

Туман маъмурий суди шу йилнинг 17 июнь куни ҳокимнинг яна битта қарорини ҳақиқий эмас деб топади (эътибор беринг, суд жорий йилнинг 9 — 17 июнь оралиғида ҳокимнинг иккита қарорини ҳақиқий эмас деб топмоқда, шунингдек, битта мажбурият юклаш ҳақида қарор ва битта хусусий ажрим чиқармоқда!). Яъниким, туман раҳбари 2019 йилнинг 26 декабрь куни Қ-6692-сонли қарори билан бир фуқаронинг хусусий мулки жойлашган ер майдонини туман захирасига олади. Мазкур ноқонуний қарор хусусий мулк эгаларини ҳатто остона ҳатлаб, кўчага чиқиш имкониятидан маҳрум қилади денг?! Ўта кулгили ва аянчли манзарага сабаб бўлган қарор, турган гап, судда бир зарбда ҳуқуқий кучини йўқотади...

Мана, Сизга аҳвол.

Хуллас, юқоридаги баёнлар туман ҳокимининг ҳуқуқий саводи, дунёқараши, маънавий-ахлоқий қиёфаси нечоғлиқ эканини яққол кўрсатиб турибди. Баски, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш бугун олиб борилаётган сиёсатда энг устувор вазифа эканлиги, айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шартлиги ҳақидаги давлат раҳбарининг талабларини эслатишдан фойда бормикан?!

Фақат кўнгилда оғриқли савол туғиладики, бундай шахслар раҳбарлик лавозимига қандай келиб қоляпти ўзи? Туман ҳокимлиги — дуч келган кимса эгаллаши мумкин бўлган лавозим эмас. Айни курсига номзод озмунча чиғириқдан ўтмайдики, шунга қарамай, ҳокимлар ичида ҳатто соғлом ақлга тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатлари билан аҳоли норозилигига сабаб бўлаётганлари камми?!

Бугуннинг энг оғриқли саволи шу, аслида?!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг