Жамоат жойида ниқобсиз юриб, камига бошқаларни ҳақорат қилган шахс 10 суткага қамалди
Воқелик шу йилнинг 25 март куни, қоқ пешинда Қува тумани марказида юз берди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га туман маъмурий суди раси Азизбек Жумаев маълум қилди.
Унга кўра, ҳуқуқбузар Б.Олимов (ўзгартирилган), Республика ҳудудида карантин эълон қилинган бўлишига қарамай («юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни» бузиб), тиббиёт ниқобисиз юриб, устига устак, маст ҳолатда — жамоат тартибини бузган ҳолда кундалик ишлари билан машғул туман ободонлаштириш бўлими ходимларини тикка ҳақоратлайди.
Бошқа пайт бўлганда-ку, майли, узр-маъзур билан масала ўрнида ҳал этилиши мумкин эди. Бироқ ҳозирги мураккаб шароит — битта гап кам, иккитаси ортиқча бўлиб турган пайтда Б.Олимовнинг қилиғи ҳеч қандай қуюшқонга сиғмайди-да. Шу боис дарҳол унга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, иши судга оширилди.
Судда айтилган иқрор-у пушаймонликдан наф борми энди?!
Қисқаси, суд унинг ҳаракатларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисдаги кодекснинг 183- («Майда безорилик») ва 54-(«Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш») моддалари билан унга узил-кесил 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter