«Иби, ҳоким бува, бу нимаси?» мақоласига Олий суд муносабат билдирди
Уч кун аввал — 1 октябрь куни эълон қилинган «Иби, ҳоким бува, бу нимаси?» мақоласида Қува туман ҳокимининг ажабтовур хатти-ҳаракатлари баён қилинган эди.
Яъники, ҳокимлик тумандаги «Кўҳинур» хусусий корхонасига қарашли дорихона биносини гўёки «кўп тармоқли марказий поликлиникаси қуриш» важи билан буздириб, ер майдонини бошқага тортиқ қилворгани, тайёр мулки ва жойидан айрилган тадбиркор эса бундай бедодликдан дод деб, судга мурожаат этгани ва бошқа ҳолатлар қаламга олинганди.
Мақола бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматидан тезкор жавоб келгани хурсанд қилди, рости. Ундаги туман ҳокими томонидан том маънода лаққиллатилган тадбиркорнинг ҳуқуқлари тиклангани ҳақидаги маълумот эса икки карра ёқимлидир.
Жавобни ўқиймиз: «Аризачи «Кўҳинур» хусусий корхонаси жавобгар Қува туман ҳокимлиги, учинчи шахс Юлдашев Ҳамдамжонга нисбатан ҳоким қарорини қисман ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси ва қўшимча шикояти билан судга мурожаат қилиб, унда Қува туман ҳокимининг 2019 йил 27 июндаги 3222-сонли қарорининг «Кўҳинур» хусусий корхонасига тегишли дорихона биносини бузиш қисмини ҳамда Қува туман ҳокимининг 2019 йил 29 июлдаги 3410-сонли қарорининг фуқаро Юлдашев Ҳамдамжонга 324 кв. метр ер майдони ажратиш қисмини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.
Шикоят аризаси ва қўшимча шикоят аризаси Риштон туман маъмурий судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, 2019 йил 25 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилган.
Шунингдек, мазкур иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан тарафларга ушбу ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.
Риштон туман маъмурий судининг мазкур қарорига нисбатан апелляция ва кассация шикояти келиб тушмаганлиги маълум қилинади».
Олий суд жавоби қўлимизга текканидан сўнг, Қува билан боғландик. Маълум бўлишича, суд қарори чиққанига қарамай ер майдонининг «янги эгаси» қурилиш ишларини келган жойида давом эттирмоқда экан. Яъни, суд қарорини тан олмоқчи эмасдек. Айтибдики, ҳоким қарорини ҳеч ким бекор қилолмайди, деб...
Мана, аҳвол! Нима бало, Фарғонада ҳокимларнинг (ўз ҳудудида) «ҳокими мутлақ»лиги одамлар онгига шу даражада сингиб кетганмики, унинг қарори суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилганини тасаввурга сиғдиролмаяпти ҳатто! Ажаб, ажаб...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter