Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фойдали қазилмаларни ноқонуний кавлаш учун жавобгарлик кучайтирилади

Фойдали қазилмаларни ноқонуний кавлаш учун жавобгарлик кучайтирилади

Фото: Google.com

Бош прокурорнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида фойдали қазилмаларни ноқонуний кавлаб олганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Сенатнинг ялпи мажлисида Бош прокурорнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган ҳамда фойдали қазилмалардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун маъқулланди.

Бугунги кунда фойдали қазилмаларни ноқонуний кавлаб олганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима қўлланилади.

Бироқ, фойдали қазилмаларни ноқонуний кавлаб олишдан олинаётган даромад миқдорининг белгиланган жазо чорасига нисбатан анча юқорилиги мазкур соҳада ҳуқуқбузарликларни самарали профилактика қилишга тўсқинлик қилмоқда.

Кўп ҳолларда жавобгарликка тортилиб, жарима ундирилган шахслар томонидан ҳуқуқбузарликни такроран содир этиш ҳолатлари учрамоқда.

Масалан, 2018 йилда биргина Тошкент ва Сирдарё вилоятларида тегишли лицензияга эга бўлмаган қатор тадбиркорлик субъектларининг вакиллари 837,8 млн. сўмлик норуда фойдали қазилмаларни кавлаб олганлиги учун жавобгарликка тортилган. Шунга қарамасдан, айнан ушбу субъектлар томонидан 2019 йилнинг биринчи ярмида такроран 1 618,2 млрд. сўмлик норуда фойдали қазилма ноқонуний кавлаб олинган.

Маъқулланган Қонун билан фойдали қазилмаларни лицензиясиз кавлаб олганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса – эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима жазоси ўрнатилмоқда.

Ушбу ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этганлик учун ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ёки ашёсини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – юз бараваридан юз эллик бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланмоқда.

Мазкур қонун фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг