Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фирибгар ўқитувчи ва товламачи қиз. Улар устидан жиноят иши қўзғатилди

Фирибгар ўқитувчи ва товламачи қиз. Улар устидан жиноят иши қўзғатилди

Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани «Обод турмуш» маҳалласида яшовчи мактаб ўқитувчиси Нозима Гулбоеванинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) нопок қилмишларини Термиз шаҳрида яшовчи ҳамкасби Гўзал Ишонова ички ишлар идорасига мурожаат этиб, фош қилди.

«ЎзА»нинг ёзишича, «устоз» номига доғ тушириб, маҳалла-куй олдида юзи шувут бўлган 39 ёшдаги Н.Гулбоева ўтган йилнинг 31 августида ўзини Термиз давлат университети қабул комиссиясида ишловчи ходим сифатида таништириб, Г.Ишонованинг ишончига кирган. Унинг 700 доллар пулини олиб, университетга қўшимча контракт тўлови асосида қабул қилинишини ҳал этиш ваъдасини беради.

— Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Н.Гулбоева билан Г.Ишонова ўртасида ёзиб олинган суҳбатнинг бир дона CD дискка туширилган сўзлашуви далилий ашё сифатида олинди, — дейди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, капитан Ф.Тошбоев. — Унинг Термиз давлат университети қабул комиссиясига алоқаси йўқлиги ҳам аниқланди. Ўз ҳамкасбларини чув туширишни одат қилаётган ўқитувчи бундан ташқари ўтган йил сентябрь ойида Музработ тумани «Сополлитепа» маҳалласида яшовчи, тумандаги мактаблардан бирида котиба бўлиб ишлаётган Жамолой Тўраевани ҳам юқоридаги ҳолатдагидек чув туширади.

***

Термиз тиббиёт коллежи ўқувчиси Т.Қуллиева эса товламачилик жиноятини содир этганида ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ушланди.

Гап шундаки, Т.Қуллиева ҳамда шериги, 22 ёшдаги ёлланма ишчи Т.Соипов соат 17лар атрофида А.Авлоний номли маҳалла ҳудудида Термиз давлат университети талабаси П.Жонбоев ва Ангор тумани Қўштегирмон маҳалласида яшовчи Н.Жонбоевлар билан ўзаро тортишиб қолади.

Шу пайт Т.Соипов Жонбоевлар ўтирган «Спарк» русумли автомашинага шикаст етказади. Шундан сўнг, Т.Соиповнинг айбини яшириш мақсадида Т.Қуллиева П.Жонбоев ва Н.Жонбоев унинг номусига тегмоқчи бўлганлиги ҳақида туҳмат қилиб, уларни қаматиш билан қўрқитиб, ички ишлар идорасига мурожаат этади. Кейинчалик мазкур аризасини қайтариб олиш эвазига товламачилик йўли билан Жонбоевлардан нақд икки миллион сўм пул талаб қилади. У Термиз шаҳридаги «Маърифат» маҳалласи ҳудудида келишилган пулни олган вақтида, ашёвий далил билан ушланди. Ўз-ўзидан бу борадаги сир фош этилди.

Айни пайтда мазкур ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг