Дунёда ҳар йили 3 миллиондан ортиқ киши одам савдоси қурбонига айланмоқда
Андижон давлат университетида вилоят ички ишлар бошқармаси ва вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда «Ёшлар ўртасида одам савдосига қарши курашиш ва терроризмга олиб келувчи экстремизм ва радикализмни олдини олиш» мавзусида ёшлар билан учрашув ўтказилди.
БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 3 миллиондан ортиқ киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган.
Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600 мингдан 800 минггача аёллар ва болалар турли алдов йўллари билан чет элларга олиб кетилиб, эксплуатация қилиш мақсадида сотиб юборилмоқда. Шунингдек, жиноий гуруҳлар учун одам савдоси жуда катта даромад келтирадиган манба бўлиб, у гиёҳвандлик моддалари ва қурол савдосидан кейин учинчи ўринни эгалламоқда.
Ўтказилган тадбирда Одам савдоси, терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноятларнинг ҳуқуқий тавсифи, улар учун жавобгарлик, ёшларнинг шу каби ёд ғоялар таъсирига тушиб қолиш сабаблари ва уларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳамда одам савдоси ва ноқонуний миграциянинг салбий оқибатлари, вилоятимизда одам савдосига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ёшларга атрофлича маълумотлар етказилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати
Манба: iiv.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter