Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чегарада яширин ерости йўли аниқланди

Чегарада яширин ерости йўли аниқланди

Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегара ҳудудида ноқонуний ерости йўли (туннел) аниқланди ва Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 1 млрд. сўмлик дори воситалари олинди.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Чегара қўшинлари ва «Тошкент-Аэро» ИБК ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Ҳиндистондан Қозоғистон орқали мамлакатимизга катта миқдордаги, сифати кафолатланмаган дори воситаларини ноқонуний олиб келиш билан шуғулланган трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.

Хусусан, жиноий гуруҳ томонидан навбатдаги дори воситалари «Деҳли-Тошкент-Олмаота» авиайўналиши орқали транзит тарзда «Олмаота» халқаро аэропортига олиб келиниб, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариёғоч тумани «Дўстлик» аҳоли яшаш пунктига етказилган ва яширин ерости йўли орқали Тошкент вилоятининг Тошкент тумани «Ўрикзор» МФЙ ҳудудига ўтказилган.

Тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ аъзоларидан жами 1 млрд. 94 млн. 342 минг сўмлик, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган Альбумин, Ремдесивир, Меропенем каби жами 107 номдаги 17048 дона дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Таъкидлаш лозимки, 1975 й.т. фуқаронинг Тошкент тумани «Ўрикзор» МФЙдаги уйини Қозоғистоннинг Сариёғоч тумани «Дўстлик» аҳоли яшаш пункти билан боғловчи ерости йўлининг узунлиги 310 метрни ташкил этади.

Ерости йўли ҳаво вентиляцияси, ёритиш тизими, юкларни ташишга мўлжалланган  аравалар ва арқонлар билан жиҳозланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг