Бухорода ота-она фарзандини ИИБга топширди
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи 16 ёшли Асадбек Самиевнинг ота-онаси ўғли ўзганинг мулкини ўғирлаб келганини кўргач, уни ИИБга топширган. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.
Олиб борилган тергов-суриштирув ҳаракатларидан сўнг Асадбек Самиевга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Суд ҳужжатларига кўра, Асадбек Самиев 2021 йилнинг 27 март куни кечки соат, тахминан, 01:00 да амакиси Шерзод Самиевга тегишли «Шейх» кафеси атрофини айланиб, одамлар тарқалишини кузатган. Шундан сўнг ўзи билан бирга олиб келган темир жисм билан кафе эшиги қулфини бузган ва у ерга ғайриқонуний равишда кирган. Кафенинг бар қисмидан амакисига тегишли 1 дона баҳоси 3 миллион сўмлик Aser Packard Bell русумли ноутбукни ўғирлаб, уйига олиб борган.
28 март куни эрталаб Асадбекнинг онаси Робия Пўлатова ўғлининг ўғрилик содир қилганини сезган ва бу ҳақда турмуш ўртоғига билдирган. 1-гуруҳ ногирони бўлган фуқаро Файзиддин Самиев ўғлининг хатти-ҳаракатидан қаттиқ ғазабга тушиб, ҳолат ҳақида зудлик билан туман ИИБга хабар берган. Олиб борилган тергов-суриштирув ишлари давомида вояга етмаган ўсмир ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган.
Дастлабки тергов суриштирув ишлари давомидаёқ ўсмирнинг хатти-ҳаракатлари очиқланган ҳамда фуқаро Шерали Самиевга тегишли ноутбук қайтарилган. Суд иши давомида жабрланувчи амаки айбдор жиянига нисбатан даъвоси йўқлигини билдирган.
Асадбек Самиев Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмининг «г» банди (ўғрилик) билан айбланган ва қилмишидан пушаймонлиги, ёшлиги, муқаддам судланмагани, етказилган зарар бартараф қилингани инобатга олиниб унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, яъни 1 миллион 225 минг сўм жарима тайинланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter