Бухорода 6 йил аввалги мудҳиш қотиллик жинояти фош этилди
2018 йилнинг апрели. Бухоро шаҳрининг Турди Фароғий кўчасида жойлашган хонадонлардан бирида ёнғин юз берган. Ёнғин бартараф қилинганида эса хонадон меҳмонхонасидан шу уйда яшаган фуқаронинг жасади танасининг турли жойларида жами 18 та санчилган-кесилган жароҳатлар билан топилган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди, 173-моддаси 2-қисми «б,в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўша вақтда прокуратура ва ички ишлар органлари ходимларидан иборат тергов тезкор гуруҳи шакллантирилиб, бир қатор тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган бўлсада, жиноят фош этилмай қолган.
«Жорий йил бошидан вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг алоҳида фармойиши асосида ўтган йилларда содир этилиб, фош этилмасдан қолаётган жиноят ишлари бўйича тезкор суриштирув тадбирларни тиклаш ва фош этиш бўйича алоҳида чора тадбирлар белгиланди.
Ана шу жиноят ишлари орасида юқорида келтирилган мудҳиш қотиллик жинояти ҳам мавжуд бўлиб, мазкур жиноят иши бўйича ҳам вилоят Ички ишлар бошқармаси Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-техник ва суриштирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир қилган шахс аниқланди.
Айбланувчининг кўрсатмаларини воқеа жойида текшириш тергов ҳаракати ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосан жиноят содир қилганликда гумон қилинган шахснинг айби тўлиқ исботланиб, жиноят иши юзасидан тўпланган ҳужжатлар жазонинг муқаррарлигини таъминлаш учун Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судига юборилган», дейилади Бухоро вилояти ИИБ хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter