Бухорода фуқарони 152 миллион сўмга чув туширган «қиз» аслида ким эди?

– Роса қийналиб кетди-и-им, оила, рўзғор ташвишларидан эзилдим. Кўзларимни «чирт» юмиб, бирорта хориж давлатига кетсаммикин? Пулсизликдан, чорасизликдан қийналдим. Яшашдан ҳам умидим қолмади, – телефон орқали йиғлаб сўзлади «қиз».
– Йўқ, ундай қилма, Гулим, мен сенинг муаммоларингни бугуноқ ечаман. Фақат сен ўзингни қўлга ол!– деди Раҳмон ва «қиз» жўнатган пластик карта рақамига салкам 152 миллион сўм пулларни ҳеч иккиланишларсиз ўтказди...
Ғиждувонлик фуқаро Раҳмон Умаров ўзини «Гулноза Олимова» деб таништирган қиз билан 2-3 ойдан буён узлуксиз телефон орқали мулоқотда бўлиб келган. Қўнғироқдай овози ва телеграм тармоғи орқали жўнатган бетакрор суратлари билан фикри-ўйи, хаёлларини ўғирлаган қиз, ҳатто, уни ақлдан оздираёзган. Қиз ўзини Халқаро Навоий аэропорти авиакассасида ишлашини, Навоий шаҳрида ижарада яшаб келаётганини айтган.
Кунларнинг бирида «қиз» йигитга қўнғироқ қилиб, ижара пулини бера олмаётганини, уй эгаси уни уйдан чиқариб юбормоқчи бўлаётганини айтиб, Раҳмон Умаровда раҳм ва ачиниш туйғусини оширган. Пластик карталарига зудлик билан пул тушириб беришини илтимос қилиб, йиғлаган. Раҳмон Умаров салкам 152 миллион сўм пулларни ҳеч эътирозларсиз унинг томонидан юборилган пластик карталарга кўчириб берган.
Орадан кўп ўтмай, Раҳмон Умаров узоқ вақтдан буён телефон орқали мулоқотда бўлиб, ҳатто, унга ипсиз боғланиб қолган севгилиси аслида, «қиз» эмас, 28 ёшли эркак эканини билиб қолган. Ва ўзининг алданиб, бир фирибгарга «чув» тушгани ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига маълум қилган. Ҳолат юзасидан олиб борилган тергов ва суд-тергов ҳаракатлари давомида ҳақиқатан ҳам «Гулноза Олимова» қиз бола эмас, аслида қашқадарёлик Фарид Ботиров бўлиб чиққан. Ўрганилишича, айбдор фирибгарлик йўли билан қўлга киритган пулларининг фақатгина 25 миллион сўминигина ўз эгасига қайтара олган. Қолганини ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
«Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман суди томонидан кўриб чиқилган ушбу суд иши айбдорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик)ни қўллади. Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ҳам айбдорга берилган жазони ўзгаришсиз қолдирди. Фарид Ботировга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилди. У жазони умумий тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди. Жиноятчи ўз қилмишига яраша жазосини олди. Бироқ, фуқароларимиздан ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётганда, эҳтиёт бўлишликни, ҳар хил найранг ва алдовларга ишонмасликларини сўраб қоламиз», – деди Бухоро вилояти суди судьяси Нозимжон Жўраев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter