Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош прокурор жиноятчиликка қарши кураш ишларини кескин танқид қилди

Бош прокурор жиноятчиликка қарши кураш ишларини кескин танқид қилди

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бошчилигида Бош прокуратура ҳайъатининг йиғилиши бўлиб ўтди. 

Видеоселектор тарзида ўтказилган ҳайъат мажлисида прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2022 йил 1-ярмидаги фаолияти натижалари танқидий муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Ниғматилла Йўлдошев йиғилишда маъруза қилиб, ўтган ярим йилда прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган хато-камчиликларга бирма - бир тўхталиб ўтди.

Ўтган ярим йилда прокуратура органлари томонидан 60 мингга яқин назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 100 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилган 636 млрд. сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.

Бевосита прокурорлар саъй - ҳаракати билан қисқа муддатда 160 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак берилган, қарийб 172 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиёт ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, 2 минг нафардан ортиқ тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, 10 минг нафардан ортиғига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган.

Йиғилишда ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб, бу борада ўтказилган назорат тадбирларида 3495 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгалланганлиги, 1830 гектар захирасига қайтарилиши таъминланганлиги, шунингдек, 12487 гектар ер майдонларини талон - торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 574 та жиноят иши қўзғатилганлигига урғу берилди.

Шу билан бирга, бу масалада прокуратура органлари зиммасига катта масъулият ва жавобгарлик юклатилганлиги масъулларга яна бир бор уқтирилиб, галдаги вазифалар белгилаб берилди.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, жумладан ўта муҳим бўлган ғаллани нес-нобут қилмасдан йиғиштириб олиш, унинг жорий қилинган янги механизмлар асосида реализация қилиниши, ҳисоб - китоб ишларининг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш ишларига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги уқтирилди.

Бош прокурор ўта долзарб бўлган жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил қилиш борасидаги муаммолар ва йўл қўйилаётган хато -камчиликларни кескин танқид остига олди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини янада кучайтириш, вазиятнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчининг омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, жиноятга жазо муқарарлигини таъминлашнинг барча чораларини кўриш зарурлиги қатъий таъкидланди.

Умуман, ҳайъат йиғилишида асосий эътибор прокуратура органларининг ярим йиллик фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар, хато ва нуқсонлар, уларни бартараф этиш чоралари ҳамда галдаги долзарб вазифаларга қаратилди.

Ҳайъат мажлисида масъулларнинг изоҳлари тингланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро муддатлари аниқ кўрсатилган топшириқлар берилди.

Барча ходимлар хотиржамликка берилмасдан, юклатилган вазифаларни тўлақонли ва сўзсиз ижро этишлари, ташаббускор ва фидойи бўлишлари шартлиги қатъий белгиланди.

Ҳайъатда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг