«96 ёшдаги онамнинг дуоларини олишим керак» — 23 нафар маҳбус жазодан озод этилди
Бухоро вилояти, Когон туманидаги 1-жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган 23 нафар маҳбус инсонийлик тамойиллари асосида авф этилди.
Колония масъул вакилининг маълум қилишича, маҳбусларнинг чин кўнгилдан пушаймонлиги ва тузалиш йўлига қатъий ўтгани инобатга олинган.
23 нафар жазодан озод этилганларнинг ҳар бири маълум сабаблар билан алдовларга учган ва йўлдан адашганлар бўлган. Улар жазо муддатини ўташ даврида хатоларини англаб етишган ва колонияда ортиқча ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этишмаган.
«Ёшим қирққа яқинлашмоқда. 4 нафар фарзандим бор. Адашиб қолганимни кеч англаб етдим. Лекин энди ҳаётда меҳнат қилиб ўз ўрнимни топаман. Фарзандларим тарбиясига алоҳида эътибор қаратаман», — деди Фарҳод Аҳролқулов.
Ўз оиласи бағрига қайтган 23 нафар маҳбусдан ташқари, қилган иши хатолигини англаган яна 10 дан ортиқ маҳбусларнинг ҳам жазо муддати қисқартирилган.
Президент фармони асосида жазодан озод этилиб, оиласи бағрига қайтган Бахтиёр Ғуломов 60 ёшни қоралаган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига кўра, 3 йилга озодликдан маҳрум этилган бўлган.
«Бир йилда озод этилдим. Президентимиз фармони асосида авф этилиб, озодликка чиқаяпман. Мингдан минг раҳмат. Бир йил қамоқда ўтирганим мен учун 10 йилдек туюлди. 96 ёшдаги онамнинг дуоларини олишим керак. Қилган ишимдан пушаймонман»,— деди Бахтиёр Ғуломов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter