Хоразмда йодга тўйинган сув манбаи топилди
Ҳазорасп тумани Бўстон қишлоғи Қовунчи маҳалласида йод ва бошқа фойдали минералларга билан тўйинган сув манбаи топилди.
Шу маҳаллада яшаган Зариф Оллаберганов узоқ йиллардан буён ҳажга боришни ният қилган ва рўйхатга ёзилиб ҳам қўйган экан. Бироқ у оғир касалликка чалингани боис тўшакка михланиб қолади. Зариф ота ҳаж учун йиққан пули эвазига ҳовлиси яқинидаги ташландиқ жойда қудуқ қазиб, одамларга яхшилик қилишни васият қилади. Фарзандлари ота васиятига амал қилган ҳолда у кўрсатган жойда қудуқ бурғулатишади.
— 37 метр чуқурликдан жуда ширин ва экологик тоза сув отилиб чиқди, — дейди узоқ йиллар қишлоқ оқсоқоли бўлиб фаолият юритган Ҳасан Матёқубов. — Ҳозирги кунда бу ердан нафақат ҳазораспликлар, балки Хонқа, Боғот, Янгиариқ туманларидан ҳам келиб сув олиб кетишяпти.
Санитария эпидемиология маркази мутахассиси С. Болтаеванинг таъкидлашича, қудуқ суви махсус лобаратория текширувидан ўтказилганида унинг йод ионларига тўйингани ҳамда тузлик миқдори пастлиги маълум бўлди. Бу эса, албатта соғлиқ учун кони фойда.
Дарҳақиқат, Оролбўйи минтақаси саналган Хоразмда тузлик миқдори паст даражали сувни топиш анча мушкул. Бироқ мазкур ҳудуд ерости чучук сув манбаларига бой экани ўз исботини топмоқда. Сал аввалроқ Боғот тумани Қипчоқ қишлоғида яшовчи Машариф Мадримов ҳовлисидаги қудуғидан чиқаётган сув йод билан тўйинган аниқланган эди.
Эрпўлат БАХТ
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter